«Чорвоқ дарвозаси» ва «Юсуфхона» мажмуаларининг мастер-режалари тақдим этилди

02.02.2022 10:02

ТОШКЕНТ,  2 февраль. /«Дунё» АА/. Туризм ва спорт вазирлигида  оммавий ахборот воситалари учун Бўстонлиқ туманини комплекс ривожлантиришнинг биринчи бош лойиҳасининг тақдимоти ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири

  Вазирлик маълумотига кўра, тақдимотни Ўзбекистон  Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов очиб берди.

 Қайд этилишича, «Чорвоқ» ТРЗ дирекцияси Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги ҳамда Туризм ва спорт вазирлиги билан биргаликда Бўстонлиқ туманини комплекс ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишларни амалга ошириб келмоқда.

 Олиб борилаётган ишлар доирасида «Чорвоқ» ТРЗ таркибидаги дастлабки икки ҳудуд - «Чорвоқ дарвозаси: Жанубий Хўжакент» ва «Юсуфхона» мажмуаларининг мастер-режалари ва ривожлантириш концепциялари ишлаб чиқилди.

Ҳудудларни лойиҳалаштириш ва архитектура ечимлари «Новая Земля» (Россия) лойиҳа-консультация консорциуми ҳамда «АРC» архитектура бюроси томонидан амалга оширилди.

- Биз Бўстонлиқни биринчи навбатда инсонга қаратилган очиқ, ҳар бир ташриф буюрувчи имконияти доирасида ва одамлар учун қулай бўлган ҳудуд сифатида кўрамиз, - деди «Чорвоқ» ТРЗ дирекцияси директори ўринбосари Суна Парк. -  Бу жойнинг гўзаллиги, бой табиати, маданияти ва ноёб тарихий жиҳатлари хорижий сайёҳларни ҳам  ўзига жалб эта олади. Шу боис, биз қулай транспорт тизимидан бошлаб, боғлар ва велойўлакчаларгача бўлган энг қулай дам олиши шароитларини яратишни мақсад қилганмиз. Бу борада дирекция томонидан экотуризм, табиий ва рекреацион ҳудудларни барқарор ривожлантириш соҳасидаги халқаро тажриба батафсил ўрганилган, шунингдек, жамоат жойлари тизимини яратишда Татаристон тажрибаси қўлланилган.

 “Чорвоқ” ТРЗ дирекцияси томонидан Бўстонлиқ тумани ҳудудида чиқиндиларни барқарор бошқариш ва экологик маданиятни ошириш тизимини жорий этиш дастури ҳам ишлаб чиқилган. Дастур дам олувчиларнинг экологик маданиятни оширишга қаратилган инфратузилма ечимлари ва тадбирларининг бир бутун мажмуини ўз ичига олади. Экологик маданиятни ошириш ҳамда қулай ва ҳамёнбоп дам олиш шароитларини яратиш мақсадида жамоат пикник зоналари лойиҳаси ишлаб чиқилган. Бундай зоналарнинг дастлабки варианти шу йил баҳор мавсумида очилиши режалаштирилган.

 Лойиҳа ва ташаббусларни амалга оширишда маҳаллий аҳоли, жамоатчилик вакиллари ва Бўстонлиқ тумани тақдирига бефарқ бўлмаган фуқароларнинг фаол жалб этилиши ҳамда уларнинг иштироки таъминланишига алоҳида эътибор қаратилади. Лойиҳа доирасида «Бўстонлиқ элчилари» дастури тузилган бўлиб, кенг жамоатчилик иштирокидаги бир қатор йирик тадбирлар ва кампаниялар ўтказилиши ҳам кўзда тутилган.

  Тадбир давомида, шунингдек, Франция ҳукуматининг молиявий кўмаги билан амалга оширилган халқаро тўлиқ мавсумий курорт таркибидаги «Чимён» дам олиш маскани лойиҳаси ҳам тақдим этилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net