Чодак қишлоғи замонавий туризм масканига айлантирилади

18.08.2020 17:30

НАМАНГАН, 18 август. /«Дунё» АА/. Наманган вилояти Поп тумани Чодак қишлоғида замонавий меҳмонхона ва дам олиш маскани қуриляпти, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати манбасига асосида.

Маълумотга кўра, 2 гектар майдонни эгаллайдиган 120 ўринли дам олиш масканини қуриш лойиҳаси 800 минг АҚШ долларини ташкил этиб, шундан 400 минг АҚШ доллари чет эл инвестиция маблағи ҳисобидан, қолган қисми тадбиркор улушидан қурилади. Лойиҳа амалга оширилгач 50 та янги иш ўрни яратилади.

Хорижий ҳамкор — Россия компанияси раҳбари Дилшоджон Тўрахўжаевнинг таъкидлашича, туризм ва меҳмонхоналар базаси йил сайин ўсиб, кўнгилочар индустрия билан бир қаторда даромад, фойда манбаига ва хизмат кўрсатиш соҳасига айланмоқда. Компания мижозларга нафақат турар жой ва овқатланиш имкониятларини, балки транспорт, алоқа, диққатга сазовор табиат гўшалари ва тиббий, спорт хизматлари, гўзаллик салонлари ҳамда бошқа хизматларни ҳам таклиф этади.

Айни пайтда 200 минг АҚШ доллари миқдорида бевосита ташқи инвестиция маблағлари ўзлаштирилган бўлиб, маъмурий бино ва бассейн қуриш ишлари якунига етиш арафасида.

Ҳозирги кунда ҳудудда махсус майдончалар ва асосий иншоотлар қурилиши давом эттирилмоқда. Маскан фаолиятини жорий йилнинг декабрь ойида бошлаши режалаштирилган. Кейинги босқичда атрофда уй-жойлар, болалар боғчаси ва бошқа кўплаб хизмат кўрсатиш марказларини қуриш кўзда тутилган.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net