Бутунхитой халқ вакиллари йиғилиши Доимий қўмитаси раисининг ўринбосари билан Ўзбекистон-Хитой муносабатларининг бугунги ҳолати ва парл

14.10.2020 10:00

ТОШКЕНТ, 14 октябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев кеча  Бутунхитой халқ вакиллари йиғилиши Доимий қўмитаси раисининг ўринбосари, Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Сиёсий бюроси аъзоси Ван Чэн билан видеоконференцалоқа форматида  мулоқот қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тадбир чоғида Ўзбекистон-Хитой муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари, шу жумладан парламентлараро мулоқотни янада фаоллаштириш масалалари муҳокама этилди.

Бугунги кунда икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатидан янгича руҳ касб этиб, фаол ва жадал ривожланмоқда, бу эса иккала давлатнинг ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадлари муштараклигидан таъкидланди.

Томонлар эпидемиологик вазият мураккаблигига қарамай, Ўзбекистон ва Хитой ўртасида юксак даражада мунтазам сиёсий мулоқот давом этаётганлигини юксак баҳоладилар.

Бутунхитой халқ вакиллари йиғилиши Доимий Қўмитаси раисининг ўринбосари Ван Чэн Президент Шавкат Мирзиёевнинг пандемияга қарши курашиш, COVID-19 оқибатларини бартараф этиш ва мамлакат иқтисодиётини тиклаш бўйича саъй-ҳаракатлари самарадорлигига алоҳида урғу берди. Шу нуқтаи назардан, Хитой томони пандемия пайтида инсонпарварлик ёрдами учун миннатдорчилик билдирди.

— Хитой халқи пандемияга қарши курашишнинг энг муҳим даврида ўзбекистонлик дўстларимиздан катта ёрдам олганини ҳеч қачон унутмайди, —деди Ван Чэн. —Сизлар жуда қисқа вақт ичида жуда қимматли тиббиёт буюмларини тўплаб, бизга етказиб бердингиз. Ўзбекистон жамоатчилиги Хитойга турли йўллар билан ёрдам кўрсатди. Бу мамлакатларимиз ўртасидаги ҳар томонлама стратегик ҳамкорлик моҳиятидан дарак беради.

Парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш ҳақида сўз борганда, кейинги йилларда мамлакатларимиз парламентлари ўртасидаги ўзаро алоқаларни ривожлантириш борасида катта тажриба тўплангани ва яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатилгани таъкидланди. Шу нуқтаи назардан, учрашувда Бутунхитой халқ вакиллари йиғилиши Доимий қўмитаси раиси Ли Чжаньшунинг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш масаласи кўриб чиқилди. Бўлажак тадбир кун тартибини амалий мазмун билан бойитиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Хитой томони Ўзбекистон ва Хитой минтақавий ва халқаро кун тартибининг кўплаб масалалари бўйича яқин ва бир-бирига мос нуқтаи назарларга эга эканигини таъкидлади. Халқаро ташкилотлар, шу жумладан, Парламентлараро иттифоқ доирасида юксак даражадаги амалий ҳамкорлик олиб борилаётгани қайд этилди.

Томонлар парламентлараро алоқаларни фаоллаштириш икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиради, деган якдил фикрда. Бу, ўз навбатида, иқтисодиёт, савдо, саноат, транспорт, қурилиш, фан, таълим ва маданият соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантиришга янгича рағбат беради.

Учрашув давомида томонлар ўзаро ҳамкорликнинг бошқа масалаларини ҳам муҳокама қилдилар.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net