Бугун “Дунё” ахборот агентлиги ташкил этилганига бир йил тўлди

13.09.2020 16:55

ТОШКEНТ, 13 сентябрь. /Дунё АА/. Бундан роппа-роса бир йил муқаддам – 2019 йил 13 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан, “Жаҳон” ахборот агентлиги негизида Ташқи ишлар вазирлигининг “Дунё” ахборот агентлиги ташкил этилган эди.

Ўтган бир йил давомида Агентлик жамоаси Ўзбекистон ҳаётидаги замонавий ўзгаришлар, мамлакатнинг иқтисодий, сармоявий салоҳияти ва бошқа долзарб мавзуларда тезкор, ўз навбатида, қизиқарли материаллар тайёрлаш, давлатимиз раҳбарининг халқаро ташаббуслари, Ўзбекистон халқининг бой тарихий, маънавий ва маданий мероси ҳақида видеоролик ҳамда телекўрсатувлар тайёрлаш бўйича фаол иш олиб борди.

2020 йил 24 январь куни “Дунё” ахборот агентлигининг янги веб-саҳифаси ишга туширилди. Бугунги кунда 50 га яқин мамлакат вакиллари ушбу веб-саҳифа орқали мамлакатимиз ҳақидаги муҳим воқеа-ҳодисаларни мунтазам кузатиб бормоқда, етакчи хорижий оммавий ахборот воситалари эса ўз манбаларида Агентлик материалларидан фойдаланмоқда.

Агентлик Facebook, Telegram, Youtube, Twitter ижтимоий тармоқлари орқали ҳам алоқаларини фаол ривожлантирмоқда. Масалан, “Дунё” ААнинг Twitter`даги саҳифасининг фаол обуначилари орасида дунёдаги етакчи оммавий ахборот воситалари, шунингдек, хорижий мамлакатларнинг Тошкентдаги дипломатик ваколатхоналари бор.

Агентлик ташкил этилганига бир йил тўлиши муносабати билан ҳамкор тузилма ва журналист ҳамкасблар ўз табрик ва тилакларини йўлламоқда.

Хусусан, “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари бош муҳаррири Салим Дониёров “Дунё” ахборот агентлиги ходимларини табриклаб, ижодий муваффақиятлар тилади:

“Аввало, шуни мамнуният билан қайд этиш жоизки, “Дунё” ахборот агентлиги ўтган бир йил давомида мамлакатимиз ахборот маконига дадил кириб келди. Айни пайтда юртимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёни ҳақидаги материалларни жаҳон ахборот майдонида тарқатиш, дунё ҳамжамиятида содир бўлаётган воқеликлар ҳақида тезкор ва сифатли ахборот тайёрлашда ўз мавқеини янада мустаҳкамлаб бормоқда.

“Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари таҳририяти “Дунё” ахборот агентлиги томонидан тайёрланган куннинг долзарб янгиликлари ва мамлакат халқаро ҳаётига оид таҳлилий материалларни газеталар саҳифаларида мунтазам эълон қилиб келмоқда.

Ушбу ҳамкорликни янада чуқурлаштириш йўлида имзоланган икки томонлама меморандум келгусидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш томон қўйилган муҳим қадам бўлди, деб ҳисоблаймиз”.

«Овози тожик» газетаси бош муҳаррири Шерпўлод Вакилов ҳам ўз табригида “Дунё” АА жамоаси аъзоларига соғлик-саломатлик, фаровонлик ва ижодий муваффақиятлар тилаган:

“Дунё” ахборот агентлиги жамоаси ва унинг муштарийларини Агентлик таъсис этилганининг бир йиллиги муносабати билан чин қалбдан табриклаймиз.

Дунё янгиликларга тўла. Оламнинг турли нуқталарида юз бераётган воқеа-ҳодисаларнинг кўплиги ва шиддаткорлиги боис бугунги даврни “ахборот асри” десак муболаға бўлмайди. Юз бераётган янгиликларга эса дунё аҳлининг қизиқиши табиий бир ҳол.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Вазирлар Маҳкамаси муассислигида нашр этилаётган “Овози тожик” газетаси “Дунё” ахборот агентлиги билан мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйган. Жаҳонга юз тутаётган Ўзбекистоннинг янги даврида, айни дамда, юз бераётган турли воқеа-ҳодисаларни ўз вақтида етказишда “Дунё” ахборот агентлиги тезкор, етакчи ахборот воситаси сифатида муҳим роль ўйнамоқда.

Сўнгги бир йилда “Овози тожик”нинг деярли бирор сонини “Дунё” материалларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. “Дунё” ахборот агентлиги жамоасининг мамлакатимиз чет эллардаги ваколатхоналари ҳамда хорижда умргузаронлик қилаётган ватандошлар фаолияти билан қизиқиши, улар билан доимий ҳамкорлик қилиб келаётгани хориж ҳаётидан ўқимишли материаллар яратилишига туртки бўлмоқда.

“Овози тожик” таҳририяти ўз касбдошларини самимий табриклашдан мамнундир”.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net