Бугун Америкалик олим, «Ўткан кунлар» романи таржимаси муаллифи Марк Риз Ўзбекистонга келади

26.04.2021 11:05

ВАШ?НГТОН, 26 апрель. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси маълумотига кўра, америкалик олим, АҚШ Ҳарбий-денгиз академияси Минтақавий тадқиқотлар марказининг собиқ директори, «Дўстлик» ордени соҳиби, Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романини инглиз тилига  таржима қилган Марк Эдвард Риз бугун мамлакатимизга келади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

 Кеча Ўзбекистон элчиси Жавлон Ваҳобов Марк Риз билан учрашди ва суҳбат давомида унинг 26 апрелдан 8 майгача мамлакатимизга сафари дастури тўғрисида фикр алмашди.

Америкалик меҳмоннинг мамлакатимизга ташрифи доирасида «Ўткан кунлар» романининг инглиз тилига таржимасининг тақдимоти, маданий-гуманитар доиралар вакиллари билан учрашув ва музокаралар ўтказиш режалаштирилган. Шунингдек, у ўзбек ёзувчиларининг асарларини таржима қилиш, маҳаллий тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларини ўрганади, Марғилон шаҳрига сафар қилади.

 Марк Эдвард Риз меҳнат фаолиятини 1994 йилда АҚШ Тинчлик корпуси кўнгиллиси сифатида бошлаган. Мазкур йўналишда Ўзбекистонда 1996 йилгача ишлаган. Ушбу даврда кўп вақтини Фарғонада ўтказган. Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан сўнг водийга ташриф буюрган илк америкаликлардан бири бўлган. Кейинчалик у АҚШ Мудофаа вазирлиги ва Давлат департаментида меҳнат қилган. Афғонистонга таржимон сифатида юборилган. Давлат департаментининг қиёсий диний тадқиқотлар дастурларига раҳбарлик қилган ва АҚШ ҳукумат дастурларида Марказий Осиё бўйича маслаҳатчи сифатида қатнашган. Меҳнат фаолияти давомида, шунингдек, у АҚШ Ҳарбий-денгиз академиясининг Минтақавий тадқиқотлар марказини бошқарган. Айни пайтда Марк Риз ўзбек таржимонлари, ёзувчилари ва рассомларини қўллаб-қувватлашга қаратилган «Muloqot» маданий алоқалар дастури директори ҳисобланади.

Америкалик мутахассиснинг айтишича, у Абдулла Қодирийнинг АҚШда нашр этилган инглиз тилидаги биринчи асари устида 15 йилдан ортиқ вақт давомида ишлаган. Китобнинг биринчи тақдимоти 2019 йил декабрь ойида Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонасида бўлиб ўтди. Ушбу китобни «Amazon» платформасида сотиб олиш мумкин. Таржима ўқувчилар томонидан юқори баҳоланмоқда ва «беш юлдузли» рейтингни сақлаб қолаяпти.

 Шунингдек, китобда муаллиф томонидан ишлатилган турли хил атамалар ва фразеологик бирликларнинг 400 дан ортиқ изоҳи ҳамда ўзбек халқининг ўзига хос маданияти, урф-одатларини тушунтирувчи шарҳлар мавжуд.

Таржимон ўзбек ва рус тилларида сўзлашади. Асарни таржима қилиш жараёнида «Ўткан кунлар» романи асосий қаҳрамонларини ўрганди, Абдулла Қодирий таржимаи ҳоли билан қизиқди. Бу эса китобнинг асосий мазмун-моҳиятини америкалик ўқувчиларга теран етказишга имкон берди.

 Ташриф давомида Марк Эдвард Риз Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида, шунингдек, Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ва музейда ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилишни режалаштирмоқда.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net