«BNBM Co.,Ltd» компанияси Фарғонада гипсокартон ва темир маҳсулотлари ишлаб чиқаради

27.05.2020 10:13

ПЕК?Н, 27 май. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикасининг Пекиндаги элчихонаси кўмагида Хитойнинг «BNBM Co.,Ltd» ва Фарғона вилояти ҳокимлиги вакиллари иштирокида онлайн-музокара ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Шуҳрат Умиров.

Музокараларда “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида мазкур компания томонидан гипсокартон ва темир маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонасини қуриш масалалари муҳокама қилинди.

Унда лойиҳа амалга оширилиши бўйича олиб борилаётган ишлар, яъни эркин иқтисодий зонаси ҳудудида ажратилган 37 гектар майдонда мазкур ишлаб чиқариш корхонасининг қурилишига тайёргарлик жараёнининг бориш ҳолати ўрганилди.

Хитойлик мутахассисларнинг Ўзбекистонга юборилишини таъминлаш, корхона коммуникация тармоқларини бунёд этиш, унинг хом ашё манбаи – гипсга бой бўлган Шўрсув конида геология-қидирув ишларини олиб бориш, топологик тасвирга тушириш масалалари онлайн мулоқотнинг асосий мавзуси бўлди.

Видео-тадбирда корхона қурилиши билан боғлиқ барча ишларни янада фаоллаштириш ҳамда биргаликдаги саъй-ҳаракатларнинг ҳар бир босқичига доир масалаларни муҳокама этиш учун онлайн-учрашувларни тез-тез ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

2019 йил 11 июнь куни Фарғона вилояти ҳокимлиги ва «BNBM Co.Ltd» компанияси ўртасида умумий қиймати 30 миллион доллар миқдоридаги лойиҳани амалга ошириш бўйича шартнома имзоланган эди. Шу кунга қадар хорижий инвестициянинг 3 миллион доллари ўзлаштирилган.

Хитой сармоядорлари иштирокида ташкил этилаётган корхонада ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг 60 фоиздан кўпини хорижий мамлакатларга экспорт қилиш режалаштирган.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net