БМТ: Сўнгги ўттиз йилда 420 миллион гектарга яқин ўрмонлар йўқ қилинди

11.01.2021 15:40

ТОШКEНТ, 11 январ. / «Дунё» АА /. Сўнгги ўттиз йилда Ердаги ўрмонларни йўқ қилиш тезлиги секинлашди, шунга қарамай, 1990 йилдан бери қарийб 420 миллион гектар ўрмон йўқ қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири БМТ «Янгиликлар портали»га асосланиб.

Вазият жуда ҳам оғир. Чунки сайёрамиздаги барча қуруқликдаги биологик хилма-хилликнинг асосий қисми ўрмонларда яшайди.  60 минг хил ўсимлик ва дарахтлар, амфибияларнинг 80 фоизи, қушларнинг 75 фоизи ва сутэмизувчиларнинг 68 фоизи шулар жумласидандир. Ўрмонларнинг йўқ бўлиб кетиши кўплаб ёввойи флора ва фауна турларининг ҳам йўқ бўлиб кетишига сабаб бўлмоқда.

Халқаро озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) маълумотларига кўра, дунёдаги ўрмонларнинг ярмидан кўпи бешта мамлакат — Россия, Бразилия, Канада, АҚШ ва Хитойда  ҳудудига тўғри келади. Бутунжаҳон ёввойи табиат жамғармаси мутахассисларининг фикрига кўра, Россияда 247 миллион гектар ташқи  таъсирлардан холи ўрмонлар мавжуд. Уларга ҳали одамлар таъсир кўрсатмаган. Аммо ушбу ўрмонларнинг ҳам йилига 1,6 миллион гектари йўқ бўлиб кетаяпти. Афсуски ушбу ҳолат жуда тез суръатларда  ўсиб бормоқда.

«Агар биз ўрмонларни бутунлай йўқ қилсак, экотизимни аввалгидек тиклашнинг иложи бўлмайди», — дейди Бутунжаҳон ёввойи табиат фондининг Россиядаги директори Дмитрий Горшков. — Биологик хилма-хиллик — бу мураккаб механизм, у сайёрамиздаги ҳаётни қўллаб-қувватлайди. «Бизнинг овқатланишимиз,  сув ичишимиз ва нафас олишимиз ана шу табиий механизм билан чамбарчас боғлиқ. Кислород ажратиш, сувни тозалаш, ўсимликларнинг чангланиши буларнинг барчаси катта тизимнинг бир қисмидир. Бунга барча ҳайвонлар ва ўсимликлар ўз ҳиссасини  қўшади», дейди у. Унинг сўзларига кўра, бунда ҳам ўрмонлар муҳим рол тутади.

Ўрмон майдонларининг ярми одамнинг ташқи таъсиридан деярли азият чекмаган. Шунга қарамай, ўрмонларнинг йўқ бўлиб кетиши давом этмоқда, бу сайёрамизнинг янги ҳудудлари ўрмон қопламини йўқотишини англатади.

«Ўрмонларни йўқ қилиш ва биологик хилма-хилликни йўқотиш учун биз ишлаб чиқариш усулларини ва озиқ-овқат маҳсулотларини қандай истеъмол қилишимизни қайта кўриб чиқишимиз керак», дейди ФАО бош директори Цюй Дунъюй. У ўрмонларни сақлашга ва кесилган дарахтзорларни қайта тиклашга интилишга чақирди. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар аллақачон ўз самарасини берди. Ҳимояланган ўрмон майдонларининг энг катта ўсиши баргли доимий яшил ўрмонларда, яъни одатда тропик зоналарда учрайди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, дарахтлар эрозия ва тупроқнинг шўрланишини олдини олади. ?қлим ўзгариши таъсирини юмшатади. Бундан ташқари, ўрмонлар одамларни ёқилғи ва озиқ-овқат билан таъминлайди. Кўпчилик учун улар муҳим даромад манбаи ҳисобланади.

Масалан, бугунги кунда ўрмонларда 86 миллиондан ортиқ яшил иш ўринлари ташкил этилган. Камбағал аҳоли қатламининг 90 фоиздан ортиғи ўрмонларнинг ёввойи маҳсулотлари билан озиқланиб кун кечирмоқда. Хусусан, Лотин Америкасида саккиз миллион камбағал аҳоли ҳаёти ўрмонлар ҳолатига боғлиқ.

Ўзбекистонда қўриқланадиган табиий ҳудудлар тизими ишлаб чиқилган. Эслатиб ўтамиз, мамлакатда «Қуйи Амударё» давлат биосфера қўриқхонаси, «Дўрмон» миллий боғи, «Сайғочий» мажмуаси, «Угам-Чотқол» давлат биосфера қўриқхонаси ва Бухорода «Жайрон» ихтисослаштирилган қўриқхонаси ташкил этилган. Айни пайтда  Ўзбекистонда 7 та қўриқхона, 3 та миллий табиат боғи, 10 та табиат ёдгорлиги, 12 та ёввойи табиат қўриқхонаси ва бошқалар мавжуд. Рамсар Конвенциясига биноан янги табиий ҳудудлар сув-ботқоқли ҳудудларнинг халқаро рўйхатига киритилганлиги, мамлакатнинг 51 та энг муҳим орнитологик зоналарини рўйхатга олиш ва тавсифини қайд этиш зарур.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net