“Бир макон, бир йўл” болалар расмлари танлови ғолиблари тақдирланди

07.08.2020 13:26

ФАРҒОНА, 7 август. /“Дунё” АА/. Хитой Xалқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими ҳамкорликда ташкил этилган икки мамлакат халқларининг тарихий ришталари, урф-одат, маданият ва санъати меъзонларини акс эттирувчи “Бир макон, бир йўл” шиори остидаги болалар расмлар танлови ғолибларини тақдирлаш маросими онлайн тарзда ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ойлайн тақдирлаш маросимида  Хитойнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Цзян Ян ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими раиси Муҳаммаджон Обидов ва танлов ғолиблари  иштирок этди.

Танловда мамлакатимизнинг барча вилоятларидан 283 иштирокчи 336 та ижодий иш билан қатнашди. 5-16 ёшли болалар чексиз қумлар оралаб кетаётган савдо карвонлари, бугунги Ўзбекистон ва Хитой кўринишлари, икки давлат раҳбарларининг учрашувлари каби мавзуларда ўз тасаввурларини турфа хил рангларда жило бериб чизган.

Нуфузли ҳайъат 15 нафар иштирокчини  ғолиб деб топди. Жумладан, бухоролик Адел ва Далер Ҳикматовлар, хоразмлик Зебохон Жуматурдиева ва Камола Омонбоева, Навоий вилоятидан Гуласал Муҳиддинова, Андижон вилоятидан Ойдиной Раҳимова, Қашқадарёдан Асила Абдурашидова, Фарғона вилоятидан Гўзал ?броҳимова, Бибихоним Олимжонова каби ғолиблар  томонидан чизилган  суратлар мазмунан, ранг танлаш, тасвирлаш маҳорати каби меъзонларда бошқа иштирокчилардан устун келди.

–Танлов ғолибларининг маҳорати, юксак тасаввур олами ва икки давлат халқларининг тарихий ҳамда замонавий муносабатлари ҳақида етарлича билимга эга эканлигини алоҳида таъкидламоқчиман, — деди Цзян Ян . – ?шончим комилки, менинг ёш рассом дўстларимда ҳали улар тасаввур қилиб чизган дунёдаги энг катта Таклимакон қум-бархонлари, Пекин, Хотан, Сиан каби тарихий шаҳарларни ўз кўзлари билан кўриш имкони бўлади.

“Бир макон, бир йўл” танлови ғолиблари ташкилотчилар томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

– Мазкур танловда ғолиблар бор, аммо мағлублар йўқ, — деди Муҳаммаджон Обидов. – Чунки мавзу юзасидан расм чизиш учун болалар ўқиб ўргандилар, ахборот изладилар, дунёқарашлари кенгайди, билимлари ошди. Бизнинг асосий мақсадимиз ҳам аслида шу эди.

Ташкилотчилар «Ўзбекистон – Хитой» муносабатлари ҳақида нима биласиз?"  мавзуида иншолар танловини ўтказишга келишиб олди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net