Бердақ номидаги Қорақалпоқ адабиёти тарихи давлат музейи ва Маҳмудхўжа Беҳбудий уй-музейи ташкил этилмоқда

14.04.2021 10:58

ТОШКЕНТ, 14 апрель. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг «Бердақ номидаги Қорақалпоқ адабиёти тарихи давлат музейи ва Маҳмудхўжа Беҳбудий уй-музейини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мазкур қарор билан ўзбек ва қорақалпоқ халқларининг атоқли шоири ва адиби Бердақ ҳамда улуғ аллома ва жамоат арбоби Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг номини абадийлаштириш, уларнинг ҳаёти ва ижодини чуқур ўрганиш вазифалари тасдиқланди.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, Бердақ ижоди халқ оғзаки адабиёти анъаналарига яқин туради. Адиб ижодининг серқирралиги, асарларининг ғоявий ва бадиий юксаклиги билан қорақалпоқ адабиёти тарихида асосий мавқени эгаллаган. Унинг кўпгина асарлари ўзбек ва бошқа халқлар тилларига таржима қилинган.

Унинг  шеърлари, достонларида қорақалпоқ халқининг 18—19-асрлардаги ижтимоий ҳаёти ўз ифодасини топган. У ўз даври воқеаларига, ижтимоий муносабатларга зукко шоир сифатида баҳо берган. Асарларида тенглик, инсонпарварлик, адолат ва ватанпарварлик ғоялари илгари сурилади.

Бердақ ва бошқа қорақалпоқ адиблари ижодининг ушбу жиҳатларини ёшлар онгига чуқур сингдириш ва келгуси авлодларга етказиш мақсадида  қарор билан Бердақ номидаги Қорақалпоқ адабиёти тарихи давлат музейи давлат муассасаси  ташкил этилмоқда. 

Музей Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг Нукус шаҳар, Ч.Абдиров кўчаси, 1-уй манзилида жойлашган биносида жойлаштирилади. Ушбу музейни ташкил этиш тўғрисидаги қарор қорақалпоқ адабий муҳити ривожида ва ёш ижодкорлар авлодининг етишиб чиқишида муҳим аҳамият касб этади.

Махмудхўжа Беҳбудий аллома, ёзувчи, жамоат арбоби ва ўзбек драматургияси асосчиси. У жадидчилик ҳаракати, янгича ўқув методикаси етакчиларидан бири ҳисобланади. Беҳбудий ўзбек адабиёти, таълим ва миллий матбуотни яратишда катта ҳисса қўшди. Аллома қолдирган бой ва ранг-баранг адабий, маданий ва маърифий мерос халқимиз тамаддунига хизмат қилмоқда.

 Буюк маърифатпарвар аждодимизнинг ҳаёти ва фаолиятини тарғиб қилиш халқимизни, хусусан, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга, илм ўрганишга ундайди. Маҳмудхўжа Беҳбудий уй-музейини “Самарқанд” давлат музей-қўриқхонаси филиали сифатида ташкил этиш белгиланди.

Уй-музей Самарқанд шаҳар, Мирсаид Барака кўчаси, 47-уйда жойлаштирилади.

Маданият вазирлиги Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, Самарқанд вилояти ҳокимлиги, манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда музей ва уй-музей экспозициясини музей ашёлари билан тўлдириш чораларини кўради.

 Ҳужжатга кўра, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан манфаатдор ташкилотлар билан бирга музей ва уй-музейда маданий-маърифий тадбирлар, тегишлича Бердақ ва Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган давра суҳбатлари, ижодий учрашувлар ташкил этиши кўзда тутилмоқда.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net