Бенилюкс мамлакатларидаги ёш ватандошлар иштирокида «Ватан билан биргамиз!» хайрия акцияси ўтказилди

29.06.2020 10:34

БРЮССЕЛЬ, 29 июнь. /«Дунё» АА/. Брюссель шаҳрида Бенилюкс мамлакатларида яшовчи ватандошлар ўртасида «Ватан билан биргамиз!» шиори остида навбатдаги мини-футбол мусобақаси ва хайрия акцияси ташкил қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ўзбекистон Республикасининг Бельгиядаги элчихонаси ташаббуси билан ташкил қилинган тадбирда Бенилюкс мамлакатларидаги турли компания ва хусусий ташкилотлар, ўқув ва илмий тадқиқот муассасаларида меҳнат фаолиятини олиб бораётган ватандошлар, шунингдек, Бельгияда таҳсил олаётган талабалар ҳамда карантин чоралари жорий қилиниши сабаб ушбу ҳудудда қолиб кетган ва чартер рейсларни кутаётган юртдошлар иштирок этди.

Турнир очилишида сўзга чиққан элчихона вакили Ўзбекистондаги ва хориждаги барча ёш ватандошларни 30 июнь — Ёшлар куни билан муборакбод этди. Йиғилганларга бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган Ёшларга оид давлат сиёсатининг мазмун-моҳияти, ёшларга яратилган кенг имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, мамлакатимизда хориждаги барча ватандошларга эътибор юқорилиги, улар турли соҳалар ривожланишида хорижий мамлакатлар тажрибасини олиб кириш орқали Ўзбекистонни дунёнинг тараққий топган давлатлари қаторига қўшишда ёрдам беришлари мумкинлиги таъкидланди.

Шундан сўнг, иштирокчилар Бельгия, Люксембург ва Нидерландиядан келган ватандошлар гуруҳига бўлинган ҳолда мини-футбол мусобақасида иштирок этди.  Мини-футбол турнири ҳаяжонли дақиқаларга бой ва кучли  рақобат остида кечди.

Мусобақа якунида ватандошлар ўртасидаги навбатдаги  мусобақа жорий йилнинг июль ойида Нидерландиянинг Роттердам шаҳрида,  июль-августь ойларида Бельгиянинг Гент шаҳрида ва август ойида Люксембургда ўтказишга келишилди.

Турнирдан сўнг барча қатнашчилар элчихонанинг ёзги боғида саховатпеша ватандошлар кўмагида ташкил қилинган хайрия дастурхонига таклиф қилинди.

Элчихона маълумотига кўра, ҳозирги кунга қадар карантин чоралари жорий қилиниши туфайли Бенилюкс мамлакатлари ва Данияда бўлиб турган 16 нафар фуқаро Франкфурт ва Лондон шаҳарлари орқали ташкил қилинган чартер рейсларда Ўзбекистонга қайтарилди.

Айни вақтда чартер рейсларни кутаётган Ўзбекистон фуқароларининг умумий сони 41 нафарни ташкил қилмоқда. Шулардан 6 нафарини жорий йилнинг 2 июль куни Рига шаҳри орқали ташкил этиладиган чартер рейсда Ўзбекистонга юбориш режалаштирилган.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net