Бельгияда Ўзбекистон туризм салоҳиятига бағишланган тақдимот ва B2B шаклидаги учрашувлар ташкил қилинди

06.11.2021 17:27

БРЮССЕЛЬ, 6 ноябрь. /«Дунё» АА/. Мамлакатимизнинг  Бельгиядаги элчихонасида Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятига бағишланган тақдимот ҳамда B2B шаклидаги  учрашувлар ташкил қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тадбирда Ўзбекистон туризм ва спорт вазирлиги делегацияси, хорижий сайёҳлик агентликлари, жамоат ташкилотлари, ОАВ вакиллари ва ватандошлар иштирок этди.

?штирокчиларга республикамиз иқтисодий ва туризм салоҳияти, барча соҳаларда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хорижлик сайёҳлар учун яратилаётган шароитлар хусусида маълумот берилди. Хусусан, Ўзбекистон туризм ва спорт вазирининг маслаҳатчиси Темур Мирзаев сўнгги йилларда юртимизда амалга оширилаётган ўзгаришлар натижасида Ўзбекистонда туризм миллий иқтисодиётнинг стратегик соҳасига айланиб, жадал ривожланиб бораётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра,  ислоҳотлар мамлакатимизнинг ташқи дунёга очиқлигини намойиш этмоқда ва бизнес юритиш учун қулай шароитлар яратилмоқда. Бу эса Ўзбекистонга сайёҳлар оқимининг жадал ўсиши ва жалб қилинган хорижий инвестициялар ҳажмининг ошишида намоён бўлаяпти.

Туризм компаниялари ва ОАВ вакиллари Ўзбекистонда сайёҳликни ривожлантириш учун ҳукумат томонидан мамлакатнинг тарихан қулай имкониятларидан тўлиқ фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилаётганини эътироф этди. ?штирокчилар, хусусан, Самарқанд, Бухоро, Термиз, Тошкент, Хива каби шаҳарларда сақланаётган жаҳон аҳамиятига молик тарихий-маданий мерос намуналари дунё сайёҳлари орасида юқори қизиқишга сабаб бўлаётганини  билдирди.

Жорий йил 24 октябрь куни Ўзбекистонда ўтказилган Президент сайловида халқаро кузатувчи сифатида қатнашган «Diplomatic World» журналининг лойиҳалар бўйича менежери Альберто Туркстра  Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ҳақида қуйидагиларни билдирди: «Ўзбекистоннинг халқаро туризм бозорида муносиб ўрин эгаллаши учун барча имкониятлар мавжудлигига гувоҳ бўлдик. Ўзбек халқининг биргина бой ва хилма-хил таомлари дунёнинг исталган бурчагидан келган энг нозик сайёҳларнинг ҳам эътиборини тортадиган кучли омиллардан биридир. Шу боис, юртингизда сайёҳларни нафақат меҳмондўстлик ва юқори даражадаги хизмат, балки ошпазлик санъатининг энг яхши намуналари бўлган мазали таомлар кутаяпти».

«Buscardini Communications» компанияси директори, «Travel Tomorrow» информацион порталининг бош муҳарири А.Бускардини сўнгги беш йилдан ортиқ вақт давомида Ўзбекистонда нафақат туризм йўналишида, балки бошқа соҳаларда ҳам амалга оширилган туб ўзгаришларни юқори баҳолашини билдирди. «Ўзбекистон туризм қўмитасининг вазирлик сифатида қайта ташкил этилиши ва унга бевосита Бош вазирнинг ўринбосари масъул этиб тайинлангани бунинг ёрқин мисолидир, - деди  А.Бускардини. - Мен элчихона ва республикадаги масъул вазирлик ва идора вакиллари ҳамда маҳаллий сайёҳлик компаниялари билан мавжуд алоқаларни янада фаоллаштириш орқали  республика туризм салоҳиятини Европа жамоатчилигига етказиш, юртингизга сайёҳлар оқимини кўпайтиришга ўз ҳиссамни қўшиш ниятидаман».

Тадбир доирасида машҳур ўзбек ошпази Бахриддин Чустийнинг «Нон» китоби тақдимоти ҳам ўтказилди. Учрашув қатнашчиларига ўзбек иссиқ нонларинининг тарихи ва турлари, уларни тайёрлаш технологиялари ҳамда дастурхонга тортиш қоидалари ҳақида маълумот берилди. Ўзида ноннинг 50 дан ортиқ турини жамлаган ушбу китоб хорижда ўзбек меҳмондўстлик туризмининг ривожига хизмат қилиши айтилди.

Тадбир якунида меҳмонларга ўзбек ошхонасининг турли хил таомлари ва ширинликлар улашилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net