Азиза Машраббекова: Конституциявий ҳар бир мустақил давлатнинг асосий устуни

05.12.2020 09:52

СЕУЛ, 5 декабрь. /«Дунё» АА/.  Ханкук  чет тиллар университети  профессори Азиза Машраббекова Ўзбекистон Республикаси  Конституцияси қабул қилинган кун арафасида эълон қилинган «Конституция менинг ҳаётимда» акцияси саволларига қуйидагича муносабат билдирди.

—Конституция Сиз учун нимани англатади?

— Барча каби, мен учун ҳам Конституция – умуминсоний қадриятлар асосида ишлаб чиқилган энг муқаддас Қомус, адолатнинг энг олий кўриниши. Рамзи Кларк айтганидек, «Ҳуқуқ бу биров сизга берадиган нарса эмас, биров сиздан олиб қўя олмайдиган нарса». Конституция ‒ мамлакат фуқароларининг мана шу ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлайдиган, фуқаро ва давлатнинг ўзаро мажбуриятларини белгилайдиган олий ҳужжат. Қолган барча қонунлар Конституцияга таянган ҳолда яратилади.

—Конституциявий ҳуқуқларингизни тўлиқ биласизми? Ҳуқуқингизни ҳимоя қилишга тўғри келганми?

— Оила - бу Ватан ичидаги кичик Ватандир. Ҳар бир инсон учун оила муқаддас қўрғон ҳисобланади. Оиламизда  болаликдан Ватан олдидаги бурч, вазифа ва мажбуриятларимиз ҳамда инсоний қадриятлар билан бир қаторда ҳуқуқий тарбияга ҳам катта эътибор берилади. Бу эътиқод бизга қадимдан қон қонимизга сингган. Буюк аждодимиз Соҳибқирон Амир Темур ҳар бир ишда адолатга амал қилган. Адолат Амир Темур салтанатининг устуни бўлган.  Бобомизнинг «Куч-адолатдадир» деган шиори авлодларга қолдирган улкан меросий насиҳатидир. Бундан ташқари Юсуф Ҳос Ҳожиб, Низом ул-Мулк, Кайкавус, Алишер Навоий асарларида адолат ва ҳуқуқий онг таълимига катта эътибор қаратилган. Қолаверса, ота-оналаримиз ҳам ҳар бир ишни адолат билан ҳал этиб, виждон поклигига эришишни ўргатган. Оилада олган ҳуқуқий сабоқ туфайли ўз Ватанимизга сидқидилдан хизмат қилиш руҳида тарбияланамиз.

   Айни кунда юртимизда ҳуқуқий соҳада олиб борилаётган кўплаб ижобий ўзгаришлар халқнинг ватанпарварлик руҳини янада юксалтирмоқа. Конституциямиздаги ҳар бир қонун инсон манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бўлиб, ижтимоий, сиёсий, ҳуқуқий соҳаларни ўз ичига қамраб олади. Шу билан бир қаторда республикамиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид қатор ҳужжатларини ратификация қилгани юртимизда ҳар бир инсон қонун ҳимоясида эканининг яққол мисолидир. ?рқий камситишларни бартараф этиш, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, гендер тенглик ва аёлларга нисбатан камситишларнинг барча шаклларига барҳам бериш бўйича катта ишлар қилинаётганининг,  халқимизнинг ҳуқуқий онги ва маданияти ривожланиб бораётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз.

   Ривожланаётган жамият поғонасида ўсиб келаётган ёш авлодни Ватанга муносиб руҳда тарбиялаш учун уларнинг онгига ҳуқуқий билимларни сингдириб бориш ҳар биримизнинг бурчимиз ва вазифамиз деб ҳисоблайман.

—Касб фаолиятингизда ва кундалик ҳаётингизда конституциявий тамойиллардан фойдаланасизми?

—Конституция тамойиллари - бу бир мамлакат ичидаги конституциявий қонунни тўғридан-тўғри ёки билвосита қўлланилишини белгилайдиган улуғ  қадрият ҳисобланади. Мен Корея Республикасининг Ханкук чет тиллар университетида ўзбек тилидан сабоқ бериб келмоқдаман. Касб фаолиятим ва кундалик ҳаётимда ҳам Конституциямиз тамойилларига амал қилган ҳолда, ўзимнинг ҳатти-ҳаракатларим орқали ўсиб келаётган ёш авлодга ўрнак бўлишга ҳаракат қиламан.

   Корея университетларида ҳуқуқий таълимга алоҳида эътибор берилади. Бу соҳада айнан мен фаолият юритиб келаётган университетда олиб борилаётган ишларнинг бир шакли ҳақида алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман. Мазкур университетда ҳар йили университет профессор-ўқитувчилари учун инсон ҳуқуқларига доир онлайн дарслар ташкиллаштирилган бўлиб, бу дарслар мажбурий ҳисобланади. Ҳар бир ўқитувчи берилган  маъруза ва тақдимотни тинглаб ва ўрганиб, дарс якунида ҳуқуқий билимларни қанчалик ўзлаштирганини билиш мақсадида тест топширади ҳамда иштирокчилар дарс якунида ушбу ҳуқуқий таълим дарси юзасидан ўз фикрларини билдиради. Бу услуб орқали ҳар биримизнинг инсоний ҳуқуқларимиз ва жамият олдидаги бурчларимиз эслатилиб, ёш авлодни ҳам мана шу руҳда тарбиялашимизга ундайди. Бу каби ишлар нафақат профессор-ўқитувчилар учун, балки талабалар орасида ҳам олиб борилади. Фикримча, бундай ҳуқуқий таълим тажрибасидан Ўзбекистон ўқув юртларида ҳам фойдаланилса, ҳуқуқий савия ривожланишига катта туртки бўлар эди.

— Сиз учун Конституция куни нимани англатади ва бу байрамни қандай нишонлайсиз?

—1992 йил 8 декабрь куни юртимизда улкан сиёсий воқеа бўлиб, давлатимизнинг бош Қомуси - Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинди. Конституциянинг қабул қилиниши ёш Ўзбекистон давлатига ҳуқуқий пойдевор барпо этди.

Мен кўп йиллардан буён ўз юртимдан йироқда,  Корея Республикасида яшаб келаётганим боис юртимнинг ҳар бир байрами ва муҳим саналарини ўзгача ҳис-туйғу билан қарши оламан. Ҳар йили 8 декабрь куни бўладиган дарсларим Ўзбекистон Республикаси Конституциясига бағишланади. Жанубий кореялик талабаларимни Конституциямизнинг асосий тамойиллари билан таништираман. Шунингдек, конституциявий қонун ҳар бир мустақил давлатнинг асосий устуни эканини тушунтиришга ҳаракат қиламан.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net