Австриянинг «Granatapfel» журналида Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти ҳақида мақола нашр этилди

01.08.2020 16:01

ФРАНКФУРТ-МАЙН, 1 август. /«Дунё» АА/. Австриянинг «Granatapfel» журналининг июль-август сонида Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти ҳақида «Шарқ сеҳри» (Der Zauber des Orients) сарлавҳаси остида мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Материал Ўзбекистоннинг Вена шаҳридаги элчихонаси билан ҳамкорликда, 2018 йилда Тошкент халқаро туристик ярмаркасида иштирок этган Германиянинг «Samersberger Nachrichten» газетаси ва Австриянинг “magazine4you” журнали муҳаррири Уши Ланг томондан тайёрланган.  Мақола юртимизнинг тарихий жойлари ва туристик имкониятларини намойиш этувчи рангли расмлар билан безатилган.

Нашр ўз ўқувчиларини Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти, юртимиздаги тарихий шаҳарлар – Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива ва улардаги қадимий обидалар ҳамда диққатга сазовор жойлар билан батафсил таништиради.

Муаллиф “Тошкент шаҳри марказидаги Амир Темур хиёбони ва музейи,  «Ҳазрати ?мом» мажмуаси, «Чорсу» бозори, Тошкент телеминораси, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри каби тарихий ва замонавий обидаларни европалик сайёҳлар бир бор бўлса-да, бориб кўришлари керак”, деб ёзади.

Мақолада, шунингдек, юртимизда етиштирилган меваларнинг бетакрор таъми ва Ўзбекистон заминининг такрорланмас гўзал табиатига юқори баҳо берилган.

Австрияда маданий-маърифий мавзуларни ёритишга ихтисослашган «Granatapfel» журнали 1932 йилда ташкил этилган. Журнал айни пайтда икки ойда бир 30 минг ададда чоп этилади.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистоннинг Франкфурт-Майндаги Бош консулхонаси пандемиядан кейинги даврда мамлакатимизга туристлар оқимини яна тиклашни таъминлаш мақсадида Европанинг немис тилида фаолият юритадиган оммавий ахборот воситаларида ахборот-ташвиқот материалларини нашр этишни ташкил қилмоқда.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net