Австрияда Марказий Осиёнинг замонавий тараққиётига бағишлаган давра суҳбати ўтказилди

06.03.2020 10:49

ВЕНА, 6 март. /«Дунё» АА/. Вена шаҳрида Aвстриянинг етакчи таҳлил марказлари раҳбарлари, дипломатик ваколатхоналар вакиллари ва экспертлар ҳамжамияти иштирокида Марказий Осиёнинг замонавий тараққиётига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тадбир Ўзбекистон Республикасининг Aвстриядаги элчихонаси томонидан Шанхай ҳамкорлик ташкилоти котибияти ва Aвстрия Европа тадқиқотлари ва хавфсизлик институти (AЕТХ?) билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Давра суҳбатида ШҲТ Бош котиби Владимир Норов  ва AЕТХ? президенти Вернер Фасслабенд сўзга чиқди.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Владимир Норов дунёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, терроризм, экстремизм, кибер жиноятчилик, гиёҳванд моддалар контрабандаси ва трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўйича ШҲТга аъзо давлатлар томонидан кўрилаётган амалий чора-тадбирлар тўғрисида батафсил маълумот берди.

Шунингдек, у иштирокчиларнинг эътиборини шу йилнинг февраль ойида Доҳа шаҳрида (Қатар) «Толибон» ва AҚШ ўртасида битим имзоланиши қаратди.

В.Норов ўз маърузасида Ўзбекистоннинг Aфғонистон муаммосини тинч йўл билан ҳал этишдаги ҳиссасини, шунингдек, Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашга қўшаётган ҳиссасини юқори баҳолади. Хусусан, Ўзбекистонда 2018 йил март ойида бўлиб ўтган Aфғонистон бўйича юқори даражадаги «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида минтақавий ҳамкорлик» мавзусидаги конференция ҳамда унда имзоланган декларация Афғонистонда тинчлик ўрнатишда муҳим роль ўйнаганини таъкидлади.

Шунингдек, Aвстрия эксперт доиралари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Aфғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш борасидаги стратегик қарашларини ва ушбу йўналишда халқаро ҳамжамиятнинг ҳамкорлигини кучайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net