АҚШда ўзбек рақслари тарихи ва хореографияси ҳафталиги бошланди

01.11.2021 11:30

ТОШКЕНТ, 1 ноябрь. /«Дунё» АА/. Мамлакатимизнинг АҚШдаги элчихонаси ўзбек миллий маданияти ва санъатини тарғиб қилиш доирасида Американинг «Silk Road Dance Company» компанияси билан ҳамкорликда «Central Asian Dance Camp 2021» ҳафталигини ташкил этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ҳафталик дастурига мувофиқ, ўзбек рақс афсоналари ҳақидаги фильм намойиши, Хоразм ва Фарғона рақс мактабларининг мумтоз ҳаракатларини ўрганиш, Ўзбекистон  маданиятига бағишланган китоб тақдимоти, палов пишириш бўйича маҳорат мактаби, миллий кийим ва матолар, халқ ҳунармандчилиги маҳсулотлари кўргазмасини ўтказиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, Ўзбекистон давлат амалий санъат музейига виртуал саёҳат ташкил этилади. Дастурга ўзбек миллий рақс ижрочиларининг ноёб маҳорати билан Америка кенг жамоатчилигини таништириш мақсадида таниқли хореограф Шоназар Болтаев ҳам жалб қилинган.

Рақс тренингининг очилиши шарафига мамлакатимизнинг дипломатик миссияси қошида расмий қабул маросими ташкил этилиб, унда АҚШ маданий-гуманитар доиралари вакиллари, ўзбек рақс санъати ихлосмандлари қатнашди.

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов ҳафталик иштирокчилари ҳар бир ҳаракатида ўзига хос бой маъно ва мазмунни ифодалайдиган гўзал ва сеҳрли ўзбек рақсларидан баҳраманд бўлишини таъкидлади. Мумтоз ўзбек рақси махсус рақс мактабларида узоқ асрлардан буён ривожланиб келаётган санъат тури бўлиб, унинг кўрку таровати бутун дунё бўйлаб катта саҳналарда намойиш этилмоқда.

Тадбир доирасида бутун ҳаётини ўзбек миллий рақси анъаналарини ўрганиш ва Ўзбекистон маданиятини АҚШда кенг оммалаштиришга бағишлаган таниқли хореограф, профессор Лаурель Грейга  “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони тантанали топширилди.

Эслатиб ўтамиз, дунёга машҳур хореограф, Жорж Вашингтон университети профессори ва «Silk Road Dance Company» рақс компанияси раҳбари Лаурель Грей Ўзбекистонда 20 га яқин марта бўлган, Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театрининг таклифига биноан пойтахтимизда 2 йил истиқомат қилган, рақс санъатига бағишланган турли теледастурларда иштирок этган.  Шунингдек, 2018 йил “Рақс сеҳри”, 1997 йил “Шарқ тароналари”, 1993 йил Ўзбекистон қўғирчоқ театри фестивалларида ҳакамлар ҳайъати аъзоси бўлган. Лаурель Грей элчихона билан ҳамкорликда маданиятимиз, санъатимиз ва анъаналаримизни тарғиб қилувчи турли тадбирларни мунтазам равишда уюштириб келмоқда. Бундан ташқари, америкалик олим 1984 йил Ўзбекистон рақс ва маданият жамиятига, 1994 йил эса ҳар йили ўтказиладиган Марказий Осиё рақс лагерини ташкил этган. “Энг яхши хореография” (2003 йил) ва “Энг яхши этник раққоса” (1999 йил) каби халқаро мукофотлар билан тақдирланган.

Лаурель Грей юксак мукофот учун миннатдорлик билдириб, мамлакатимиз раҳбарияти томонидан кўрсатилган эътибор уни ўзбек миллий рақсларини янада кўпроқ тарғиб этишга, уларнинг тарихий илдизлари ва хусусиятларини кенгроқ очиб беришга илҳомлантиришини қайд этди. Унинг таъкидлашича, жаҳон ҳамжамияти, айниқса, Ғарб дунёси ўзбек рақсларини янгитдан кашф этмоқда, хорижлик маданият шинавандалари учун ушбу санъат тури жуда қизиқарли ва жозибадордир. “Бундан кўриниб турибдики, АҚШнинг турли ҳудудларида яшовчи инсонларнинг мамлакатингизда авлоддан-авлодга ўтиб келаётган рақс санъатини ўрганишга бўлган иштиёқи жуда баланд”, - деди хореограф.

Жорж Вашингтон университети профессори тадбир иштирокчиларига мурожаат қилиб, “рақсга тушишни ўрганаётганингизда сиз нафақат айрим ҳаракат ёки элементларни ўзлаштирасиз, балки ўзингиз учун янги маданиятни, одамларнинг ҳаёт тарзини ва ўша мамлакат анъаналарини кашф этасиз. Бу борада Ўзбекистон ниҳоятда бой, ранг-баранг ва бетакрор мамлакат”, деди. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон рақс санъати ва миллий хореография элементларида ўзбек халқининг турмуш тарзи ўз ифодасини топган.

Тантанали маросим доирасида элчихона бўйлаб экскурсия уюштирилди, меҳмонларга бинонинг ноёб тарихи ҳақида сўзлаб берилди.

Бундан ташқари, махсус зал-музейда юртимизнинг кўп асрлик тарихини ифода этувчи халқ ҳунармандчилиги ва амалий санъати намуналари, шунингдек, Ўзбекистон ҳудудларига хос миллий либослар намойиш этилди. Меҳмонлар элчихона музейида асраб-авайлаб келинаётган санъат намуналарининг бой тўпламини юқори баҳолади. Улар Ўзбекистон халқ санъати муҳитига шўнғиб, АҚШ пойтахтида серқуёш мамлакатимизнинг илиқ тафтини туйганини таъкидлади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net