«Amirsoy» тоғ-чанғи курортида янги дор йўли ишга туширилди

27.12.2021 10:01

 ТОШКЕНТ, 27 декабрь. /«Дунё» АА/.  Тошкент вилоятидаги «Amirsoy» тоғ-чанғи курортида «Amirsoy Ekspress» янги дор йўли расман ишга туширилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Туризм ва спорт ишлари вазирлиги маълумотига кўра, тантанали маросимни Бош вазир ўринбосари – туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов очиб берди. Туризм ва спорт вазирлиги томонидан маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.

- Сўнгги йилларда мамлакатимизда туризмнинг бошқа турлари қатори тоғ туризмини ривожлантиришга ҳам эътибор қаратилмоқда, Ўзбекистон нафақат қадимий шаҳарлари, балки бетакрор тоғлари билан ҳам машҳурдир, - деди Азиз Абдуҳакимов. - Дор йўлида учиш нархи дам олиш кунлари 80 минг, қолган кунлар 70 мингни ташкил этади. Қарияларимиз ва болаларимизга 50 фоизлик чегирма билан, имконияти чекланган кишилар учун мутлақо текин хизмат кўрсатилади.

 Гондола тоифасига кирувчи мазкур дор йўли дунё миқёсида машҳур ишлаб чиқарувчи — «Doppelmayr» компанияси томонидан яратилган. Замонавий дизайн, инновацион хавфсизлик компонентлари ва энг юқори сифатли пўлат ускуна дам олиш масканига ташриф буюрувчилар учун қулайлик ва хавфсизликни кафолатлайди. Салонларнинг панорама ойналари йўловчилар олдида ўзига хос айланма кўриниш ҳосил қилиб, уларга ўзларини табиат билан ҳамнафасдек ҳис қилиш имконини беради.

«Amirsoy Ekspress» ташриф буюрувчиларни автомобиль йўлидан тўғридан-тўғри курорт ҳудудига етказиб қўяди, бу эса узоқ масофали тоғ йўлини четлаб ўтиб, ҳайдовчилар учун 5 километрга қисқартиради. Дор йўли 10 кишилик сиғимга эга 74 та гондола (кабина) дан иборат. Унинг умумий узунлиги 2 минг 913 метр бўлиб, соатига 2 минг 400 кишини ташиш қувватига эга. Саёҳат вақти 9 дақиқани ташкил этади. Мазкур объект жорий йилнинг 1 майидан 15 декабригача бўлган қисқа даврда қуриб битказилди. ?нвестицияларнинг умумий қиймати 15,2 миллион еврони ташкил этди.

Дор йўлининг тўсиқсиз дизайни болалар аравачалари, ногиронлар аравачалари ёки спортнинг қишки турлари билан шуғулланиш учун муқобил қишки спорт жиҳозларини ташишни осонлаштиради. Мукаммал ечиб олиш технологияси станцияларда йўловчилар учун қулай ва хавфсиз чиқиш ва тушириш  имкониятини яратади.

Айни пайтда Бўстонлиқ туманида халқаро стандартларга жавоб берадиган тоғ-чанғи курортини яратиш лойиҳасини амалга оширишнинг иккинчи босқичига тайёргарлик кўрилмоқда. Лойиҳа доирасида 200 ва ундан ортиқ хонали 4 юлдузли ва 3 юлдузли меҳмонхоналар, янги чанғи жиҳозлари ва экипировкаларини ижарага бериш пунктлари, ёзги бассейн ва фаол мавсумий дам олиш зоналари қурилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net