Америкадаги “St. Jude” тиббий маркази болалар онкологияси бўйича Ўзбекистон миллий стратегиясини ишлаб чиқишда иштирок этади

07.05.2020 15:29

ВАШ?НГТОН, 7 май. /«Дунё» АА/. АҚШ пойтахтида “St. Jude Children’s Research Hospital, Inc.” илмий-текшириш тиббий институти вице-президенти Карлос Родригес-Галиндо иштирокида “Саратон касаллиги бўлган болаларда СОVID-19 ни даволаш” мавзусида видеоконференция бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

“St. Jude” шифохонаси (Мэмфис шаҳри, Теннеси штати) болалардаги турли хил саратон касалликларини даволашга ихтисослашган етакчи педиатрия тиббий тадқиқот институтларидан биридир. Тиббий муассаса ташкил этилгандан буён саратон касаллиги билан оғриган болалар умрини 20 фоиздан 80 фоизгача узайтиришга муваффақ бўлди.

Тадбир аввалида мамлакатимизнинг дипломатик ваколатхонаси вакиллари республикада коронавирус тарқалишига қарши олиб борилаётган чора-тадбирлар тўғрисида сўзлаб берди. Мулоқот чоғида саратон ташхиси қўйилган болаларда СОVID-19 ни даволаш бўйича фикр алмашилди, шунингдек, ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилинди.

Вице-президент Р.Галиндо Ўзбекистон раҳбариятини коронавирус инфекциясини жиловлаш бўйича эришган ютуқлари билан табриклади. Унинг таъкидлашича, мамлакатда ўрнатилган карантин чекловлари юқумли касаллик кенг тарқалиши олдини олишнинг ягона ва тўғри усули бўлди.

Америкалик шифокор фикрига кўра, унинг тиббий муассасасида ҳам коронавирус тарқалишига қарши қатъий чеклов чоралари ўрнатилган. Хусусан, касаллик аломатларини назорат қилишнинг доимий режими жорий этилди, ходимлар шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланди ва ҳар тўрт кунда камида бир марта инфекцияга қарши текширувдан ўтказилмоқда.

Шу билан бирга, клиникада учта беморда коронавирус инфекцияси аниқланди. Аммо, Р.Галиндо таъкидлаганидек, беморларда касаллик белгилари ва асоратлари деярли бўлмаган. Вице-президентнинг сўзларига кўра, шунга ўхшаш ҳолат кўплаб болалар муассасаларида кузатилмоқда, бу болалар иммун тизимининг инфекцияни мустақил равишда енгиш қобилиятидан далолат беради.

Видеоконференция натижаларига кўра, томонлар Ўзбекистондаги онкологлар касбий малакасини ошириш, олий тиббий ўқув юртларининг таълим тизимида болаларда саратонни эрта аниқлаш, ташхис қўйиш ва ўз вақтида даволаш дастурларини жорий этиш каби йўналишларда ички болалар онкологияси тизимини шакллантиришда бепул маслаҳат ва эксперт ёрдамини кўрсатишга келишиб олди.  

Бундан ташқари, шу йил куз фаслида Тошкентда АҚШ, Россия ва Беларусь давлатларининг етакчи мутахассислари иштирокида болалар гематологияси ва онкологияси бўйича дастлабки семинар бўлиб ўтади. Ушбу тадбир илғор тажриба ва болаларда саратон касаллигини даволашнинг замонавий усуллари ҳақида тажриба алмашиш ҳамда миллий онкология тизимларида уларни татбиқ этиш учун умумлаштирилган ечимларни ишлаб чиқишга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг май ойида Р.Галиндо бошчилигидаги “St. Jude” делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюрган эди. Ташриф давомида  Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология маркази, маҳаллий клиникалар ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари билан  қатор учрашувлар ва музокаралар ўтказилди.

Бундан ташқари 2019 йил октябрь ойида “St. Jude” Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан биргаликда Америка клиникасининг молиявий ва ташкилий кўмагида Тошкентда 100 га яқин хорижлик мутахассислар иштирокида болалар онкологиясини самарали даволаш бўйича уч кунлик семинар ташкил этди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net