Алишер Навоийнинг ғазаллар тўплами Германияда чоп этилди

10.02.2021 17:07

БЕРЛ?Н, 10 февраль. /«Дунё» АА/.  Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тадбирлари доирасида Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси ташаббуси билан Алишер Навоий ғазаллари тўпламининг немис тилидаги тўплами Берлиндаги «Concept Medien & Druck GmbH» нашриётида чоп этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Навоий ғазаллар тўплами моҳир таржимон ва олим, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети Роман-герман филологияси факультетининг Немис тили назарияси ва амалиёти кафедраси профессори, Ўзбекистон-Германия илмий жамиятининг раиси, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси Хуррам Раҳимов томонидан немис тилига ўгирилган.

Тилшуноснинг мазкур таржималарини амалга ошириш жараёнига  нафақат ўзбекистонлик таниқли олим ва таржимонлар, балки Берлин Ҳумболдт университети навоийшунос олимаси Зигрид Клайнмихель, германиялик фольклоршунос, шоира, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети фахрий доктори Габриеле Келлер яқиндан кўмак берди.

Китобда ўзбек шеърияти султонининг ватанга муҳаббат, юртга садоқат, севги ва муҳаббатни тараннум этувчи 90 та ғазалининг таржималари ўрин олган бўлиб, уларнинг ўзбек ва немис тилларида чоп этилгани германиялик ёш навоийшунос тадқиқотчилар ва Навоий ижоди ихлосмандлари учун жуда ҳам қўл келади.

«Ўзбекистон раҳбариятининг буюк алламолар хотирасини абадийлаштириш ва кенг тарғиб этиш борасида олиб бораётган сиёсати эътиборга молик, - дейди “Concept Medien & Druck GmbH” нашриёти директори Диап Сакалли. – Зотан ўз халқи ҳаётининг узоқ ўтмишини, бой тарихи ва бетакрор маданиятини, айниқса, улуғ аждодлар ижоди ва фаолиятини ўрганмасдан орзудагидек порлоқ келажакни барпо этиш мушкулдир. Буюк мутафаккир Алишер Навоий ғазаллари тўпламининг немис тилидаги таржималарини чоп этиш жараёни уларда  умуминсоний ғояларнинг юксак маҳорат билан ифода этилганига гувоҳ бўлдик. Барчага ушбу китобни ўқишни тавсия этаман. Бу каби буюк алломалари бўлган халқнинг миллий маданияти боқийдир ва биз ушбу китобни босмахонамизда чоп этилганидан беҳад мамнунмиз.

Берлин давлат кутибхонаси Шарқий тилларни ўрганиш бўлими  илмий ходимаси, чиғатой қўлёзмалари бўйича мутахассис Айсима Мирсултон бобоколонимиз Низомиддин Мир Алишер Навоийнинг ижодий меъроси нафақат ўзбек халқининг, балки инсониятнинг бебаҳо маънавий хазинаси эканини таъкидлади.

“Алишер Навоий ўз даврининг етук шоир-мутафаккири, сиёсат ва фан арбоби сифатида дунё халқлари тараққиётида ўзининг муносиб ўрнига эгадир. Алишер Навоий форс тилида фоний таҳаллуси билан ижод қилиб, кейинчалик туркий тилда кўплаб кўлёзмалар, ғазаллар, муҳаммаслар ёзган. Улардан энг машҳурлари “Хамса”, “Муҳокамат Ул-Луғатайн”, “Маджалис-ун-нафаис”, “Маҳбубул-қулуб”, “Муншоот” ва бошқалардир. Бизнинг кутубхонамизда Алишер Навоийнинг 30га яқин қўлёзмаси нусхалари сақланади”, - деди олима.

- Алишер Навоийнинг ижодий-илмий мероси, бетакрор асарлари жаҳон адабиёти тарихида ўз ўрнига эгадир, - деди Берлин Эркин университети Туркология институтининг илмий  тадқиқотчиси Реза Назир. - Чунки унинг асарларида умуминсоний ғоялар ўзининг теран ифодасини топган. Мен Алишер Навоий ижодини ўрганиш, тадқиқ қилиш билан шуғулланиб келаман. Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси томонидан Навоий ғазаллари тўпламининг немис тилидаги таржимасининг китоб ҳолида чоп этилгани бизни жуда ҳам қувонтирди. Китобда ғазаллар таржимаси ўзбек тилидаги муқобили билан берилгани, уларнинг мазмун ва моҳиятини теран англаб тадқиқ этишда биз тадқиқотчиларга кўмак беради.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net