Адлия вазири: биз ҳамкорлик қилишга тайёрмиз ва ҳеч иккиланмасдан халқаро воситаларни таҳлил қилиб, қўллаймиз

06.03.2020 14:28

ТОШКЕНТ, 6 март. /«Дунё» АА/. Аввал хабар қилганидек, Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Русланбек Давлетов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси Гаага конференциясининг Умумий масалалар ва сиёсат кенгаши (HCCH) йиғилишида иштирок этиш учун шу кунларда Нидерландияда бўлиб турибди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири вазирлик манбасига таяниб.

Гаага конференциясининг Умумий масалалар ва сиёсат кенгаши (НССН)нинг 4 март кунидаги сессияси Ўзбекистоннинг Гаага конференциясига қўшилиши билан ёдга қолади. Бу мамлакатимизнинг халқаро оилавий ва хусусий ҳуқуқ меъёрларини унификация қилиш тартибларида иштирок этиш, ҳуқуқий тизимни дунё стандартларига мувофиқ янада ривожлантириш, хорижда давлатимиз фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириш имконини беради.

Адлия вазири Русланбек Давлетов, маросимда чиқиш қилиб, халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Гаага конференциясига қўшилиш халқаро ҳамкорликнинг янги йўллари ва истиқболларини очишини қайд этди.

– Бугунги Ўзбекистон тамомила бошқа мамлакат. Гап Ўзбекистон ҳаётида кечаётган  ислоҳотлар, ўз ҳуқуқларига нисбатан анча талабчан ва ижтимоий ҳаётда фаол фуқаролар, жамоатчилик учун янада очиқ ва шаффоф давлат органлари, янада фаоллашган ОАВ ва фуқаролик жамияти ҳақида бормоқда. Чуқур ўйланган стратегияни амалга ошириш Ўзбекистонга замонавий рақобатбардош давлатга айланиши ва жаҳонда муносиб ўрин эгаллашига ёрдам бермоқда, – деди Р.Давлетов.

Адлия вазирининг фикрича, Ўзбекистоннинг Гаага конференциясига қўшилиши улкан ўзгаришлар самарасидир. Фақат сўнгги икки йилда инвестициявий муҳитни яхшилаш бўйича 470 дан ортиқ, тадбиркорликни қўллаб қувватлаш учун 200 дан зиёд қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинди. Ўзбекистон инсонларнинг турмуш даражасини яхшилаш бўйича улкан ишларни амалга оширмоқда.

Гаага конференция унга аъзо давлатлар ўртасида глобал ҳуқуқий шерикликни ўрнатиш ва дунёда халқаро хусусий ҳуқуқни унификациялашда муҳим роль ўйнайди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net