Абдулазиз Комилов Буюк Британия ташқи сиёсат идораси раҳбари ўринбосари билан музокара ўтказди

08.05.2020 14:48

ТОШКЕНТ, 8 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 2020 йил 7 май куни Буюк Британия ташқи ишлар вазири ўринбосари ва халқаро тараққиёт вазири Венди Мортон билан видеоконференцалоқа шаклида музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Ташқи ишлар вазирлиги манбасига асосланиб.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон – Буюк Британия ҳамкорлигининг жорий ҳолати ва ривожланиш истиқболлари, Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Томонлар икки мамлакат тиббиёт ходимлари ўртасида коронавирус инфекциясига қарши курашиш бўйича тажриба алмашиш учун мунтазам алоқа ўрнатилганини мамнуният билан қайд этди.

Музокарада мамлакатларимизнинг сиёсий мулоқот ва ҳар томонлама ҳамкорлиги фаоллашгани, ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланиб, савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этилди.

Эпидемиологик вазият яхшиланганидан сўнг олий ва юқори даражадаги учрашувларни ташкил этишдан ҳар икки томонлар бирдек манфаатдор экани тасдиқланди. Бу эса Ўзбекистон – Буюк Британия ҳамкорлиги янада мустаҳкамланишига кучли туртки бериши билдирилди.

Венди Мортон Буюк Британия Халқаро тараққиёт вазирлигининг Ўзбекистондаги фаолиятини бевосита амалга ошириш, ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ва мамлакатимизнинг иқтисодий ўсишини таъминлаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш режаси тўғрисида маълумот берди.

Вазир Халқаро тараққиёт вазирлигининг Марказий Осиёда минтақавий ўзаро боғлиқликни ривожлантириш бўйича лойиҳаларини амалга оширишдаги иштирокини юқори баҳолади. Шу ўринда Халқаро тараққиёт вазирлигининг минтақавий кооперация лойиҳаларида, хусусан, транспорт, савдо ва рақамли технологиялар соҳасида, шунингдек, Ўзбекистон ҳамда Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари хусусий ва давлат секторлари учун кадрлар тайёрлаш соҳасидаги иштирокини кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.

Видеоконференцалоқа давомида Савдо ва инвестиция бўйича Ўзбекистон – Буюк Британия кенгашининг навбатдаги мажлисини ўтказиш, уни Савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий ва илмий-техник ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия даражасига кўтариш таклифлари кўриб чиқилди.

Музокараларда кун тартибидаги бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net