2023 йил ЕТТБ Бошқарув кенгашининг йиллик йиғилишини Самарқанд шаҳрида ўтказиш таклиф қилинди

28.02.2020 11:22

ТОШКЕНТ, 28 февраль. /«Дунё»АА/. Лондонда бўлиб ўтган Европа тикланиш ва тараққиёт банки директорлари кенгашининг махсус йиғилишида Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов иштирок этди ва ЕТТБ билан ҳамкорликнинг долзарб масалалари ҳамда уни кенгайтириш бўйича тақдимот ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири вазирлик манбасига таяниб.

Тақдимотда Ўзбекистондаги ўзгаришларнинг асосий йўналишлари, ижтимоий-иқтисодий соҳада таркибий ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги ютуқлар, халқаро молия институтлари, хусусан, ЕТТБ билан ҳамкорлик бўйича батафсил маълумот берилди.

С.Умурзоқов Ўзбекистон ҳамда ЕТТБ ўртасидаги ҳамкорлик самарадорлигини устувор тармоқларда янги иқтисодий ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган лойиҳалар ҳажмининг кўпайтиришни тубдан ошириш заруратини асослантириб берди.

Шунингдек, 2023 йилда ЕТТБ Бошқарув кенгашининг йиллик йиғилишини Самарқанд шаҳрида ўтказиш таклиф қилинди. Бу таклиф Кенгаш аъзолари ва банк раҳбарияти томонидан ижобий қабул қилинди. Айни пайтда Самарқанд барча мезонлар бўйича ушбу тадбирни ўтказиш ҳуқуқига асосий даъвогарларидан бири бўлиб қолмоқда.

Йиғилиш якунида Ўзбекистон томонидан илгари сурилган таклифлар ЕТТБ Президент С.Чакрабарти ҳамда Директорлар кенгаши аъзолари томонидан бир овоздан қабул қилинди.

Бундан ташқари, Хоразм вилоятида давлат аҳамиятидаги умумий фойдаланиш автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш учун Ўзбекистон Республикасига узоқ муддатли молиялаштириш тақдим қилиш тўғрисидаги келишув имзоланди.

Сафар давомида Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазири ЕТТБ президенти С.Чакрабарти, биринчи вице-президент Ж.Ригтеринг, вице-президент А.Пиллоу, Бош котиб Э.Кватрочокке, Директорлар кенгаши аъзоси Р.Винзап ва Марказий Осиё минтақаси бўйича директори А.Кусвек билан учрашувлар ўтказиб, ҳамкорликнинг бугунги кундаги ҳолати ва яқин келажакдаги режалар батафсил муҳокама қилинди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net