Эрондан муносабат: Жаҳондаги барча ўзбек тилида сўзлашувчи инсонларни 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан самимий табри

18.10.2021 11:34

ТЕҲРОН, 18 октябрь. /«Дунё» АА/. Алишер Навоий ижодий меросини ўрганиш бўйича таниқли тадқиқотчи, кўплаб мақола ва китоблар муаллифи, «Дўстлик» ордени соҳиби профессор Муҳаммадзода Ҳусейн Сиддиқ 21 октябрь - Ўзбек тили байрами куни муносабати билан табрик йўллади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

- Мен Эрон адабий муҳити вакили ва Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг фахрий ўқитувчиси сифатида   Ўзбекистон халқини ва бутун дунёдаги ўзбекларни  21 октябрь —Ўзбек тили байрами куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Барчамизга маълумки, 21 октябрь куни Ўзбекистонда жуда муҳим воқеа - Ўзбек тили байрами куни кенг нишонланади. Мен ҳам биродар ўзбек халқининг ушбу хурсандчилигига шерикман.

Тил — ҳар бир  миллатнинг ҳеч нарсага қиёслаб бўлмайдиган, асрлар давомида унга ҳамнафас бўлган буюк хазинаси ҳисобланади. Миллий тил ўз-ўзидан шаклланмайди,  балки у неча-неча асрлар, давру замонлар бағрида вояга етади. Бунинг учун тил  ҳамиша фаол муомалада, ҳаракатда ва сайқалда бўлмоғи лозим. Тилга эътибор халқнинг турмуш тарзи, фикри-зикри, онг-тафаккури ривожи, миллий ғурур билан уйғун бўлиши зарур.

Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ўзининг шеърий ва насрий асарларида юксак умуминсоний ғояларни, ўзбек тилининг беқиёс сўз бойлиги ва чексиз ифода имкониятлари жозибаси ва латофати билан намоён этиб берди. Навоий ўзбек тилининг ер юзидаги миллионлаб китобхонлар қалбидан муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллашида муҳим ўринга эга эканини  барчамиз яхши биламиз.

Шу маънода сўнгги йилларда Алишер Навоийнинг бой ва серқирра ижодий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, унинг ўлмас асарларини Ўзбекистонда ва хорижий мамлакатларда кенг тарғиб қилиш ҳамда хотирасини абадийлаштириш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда.

Мен умримнинг катта қисмини ўзбек, хусусан, туркий ҳамда форс халқларнинг буюк шоири ва мутафаккири Алишер Навоий меросини ўрганиш ҳамда Эрон жамоатчилиги орасида кенг тарғиб қилишга бағишлаганимдан ҳеч афсусланмайман.

Буюк шоир Алишер Навоий нафақат Ўзбекистон халқи ва ўзбек тилида сўзлашувчи инсонларнинг, балки Эрон халқининг ҳам буюк шоири ва мутаффакиридир.

Унинг форсий тилда битилган «Девони Фоний»  асарида қўлланилган шеърий услуб дунёнинг кўплаб шоирлари томонидан давом эттирилган. Ушбу услуб илмий доираларида «туркий» ёки кейинчалик «ҳинд услуби» сифатида дунёга машҳурдир. Айни пайтда тадқиқотчилар ушбу услубга «Навоий услуби» сифатида ҳам таъриф бермоқда.

Ўзбек халқини,  жаҳондаги барча ўзбек тилида сўзлашувчи инсонларни ва Навоий ижоди ихлосмандларини 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан самимий табриклайман. ўзбек тилининг янада гуллаб-яшнаши ва дунё миқёсида обрўсини ошишига тилакдошман.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net