Эрондан муносабат: Алишер Навоийнинг бебаҳо ижодий-илмий мероси нафақат ўзбек, балки жаҳон адабиёти тараққиёти тарихида алоҳида аҳамиятг

04.02.2021 17:59

ТЕҲРОН, 4 февраль. /«Дунё» АА/. Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллик санасига Эрон адабиётшунос ва навоийшунос олимлари томонидан катта тайёргарлик кўрилмоқда.  Навоий ижодий меросини ўрганиш бўйича таниқли  форс тадқиқотчи, кўплаб мақола ва китоблар муаллифи, «Дўстлик» ордени соҳиби Муҳаммадзаде Ҳусейн Сиддиқ  «Дунё» АА мухбирига ғазал мулкининг султони меросининг  ўзбек ва жаҳон адабиёти тараққиётидаги ўрни ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини сўзлаб берди, деб хабар бермоқда.

— Буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоийнинг бебаҳо ижодий-илмий мероси нафақат ўзбек, балки жаҳон адабиёти тараққиёти тарихида алоҳида аҳамиятга эгадир.

Санъат ва мафкура нуқтаи назаридан Алишер Навоий бутун дунё маданиятига ўз ҳиссасини қўшган бўлса, тил нуқтаи назаридан туркий халқлар маданиятига улкан хазина тақдим этди. Шунинг учун ҳам Навоий тили, яъни ўзбек адабий тили, ҳозирги кунда ҳам жаҳон тилшуносларининг ва илмий тадқиқотчиларининг, жумладан, менинг ҳам диққат марказида бўлиб келмоқда.

Навоий ўзбек адабий тилининг ажралмас бўлаги бўлган ўзбек атамашунослигининг шаклланиши ҳамда тараққий этишига катта хизмат қилган шахсларнинг сардоридир. Унинг асарларини таҳлили шуни кўрсатадики, бугунги ўзбек терминологияси, хусусан, китобатчилик терминологияси шаклланишини ўрганишда асосий манба сифатида хизмат қилади.

Сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Алишер Навоийнинг бетакрор, кўп қиррали ижодий меросини чуқур ўрганиш, шоир асарларини Ўзбекистон ва чет элларда кенг оммалаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлигига гувоҳ бўлаяпмиз.

Мен умримнинг катта қисмини ўзбек ва бошқа туркий тилли халқларнинг буюк шоири ва мутафаккири Алишер Навоий меросини ўрганиш ҳамда Эрон жамоатчилиги орасида кенг тарғиб қилишга бағишлаганимдан фахрланаман.

Шу кунгача Алишер Навоийнинг тил грамматикаси, шеърияти, луғатларига бағишланган ўнлаб китоблар, тўпламлар ва илмий мақолалар чоп этишга муваффақ бўлдим.

?шонч билан айтишим мумкинки, ушбу буюк шоир мероси қардош халқларимиз ўртасидаги дўстлик кўпригини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади.

Фурсатдан фойдаланиб, дунёдаги барча Навоий ижоди ихлосмандларига буюк шоир ва мутафаккир таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан самимий табригимни йўллайман.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net