Элчи Равшан Усмонов: Пандемия Ўзбекистон-Малайзия муносабатларини фаоллаштириш учун қўшимча туртки бўлиб хизмат қилди

11.01.2021 15:21

ТОШКЕНТ, 11 январь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги ўзаро муносабатлар сўнгги йилларда тобора жадаллашиб бормоқда. БМТ, ?слом ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида ҳам самарали ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда.

“Дунё” ахборот агентлиги мухбири Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчиси Равшан Усмонов билан икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари, ўтган йил эришилган ютуқлар ва янги йилда алоқаларни янада ривожлантириш борасидаги режалар ҳақида суҳбатлашди.

– 2020 йил COVID-19 пандемияси барча мамлакатларда ҳаёт бир маромда кечишини издан чиқарди, иқтисодиётга путур етказди ва турмушнинг барча жабҳаларига жиддий таъсир кўрсатди. Эпидемия дипломатия дунёсини ҳам четлаб ўтмади. Хусусан, элчилар ва дипломатлар ўзгарган шароитларга, музокаралар ва учрашувлар олиб боришнинг янги қоидаларига мослашишга мажбур бўлди.

Ўтган йил март ойи Малайзия ҳукумати мамлакатда чекланган ҳаракат тартибини жорий этиш ва 2021 йилнинг 31 мартигача давлат чегараларини ёпишга қарор қилганига қарамасдан, элчихонамиз кенгайтирилган режимда ишлашни давом эттирди. Ягона фарқ – дипломатлар виртуал  дипломатиянинг техника ва кўникмаларини эгаллаши лозим бўлди.

Бугун видеоанжуманлар одатий ҳолга айланиб, виртуал дипломатия мисли кўрилмаган кўламларга етди, бу эса янги имкониятлар очмоқда. Аммо шу билан бирга дипломатия тамойиллари ўзгармаганини таъкидлаш лозим. Дипломатия хорижий шериклар билан дўстона алоқалар ўрнатиш, Ватанимиз манфаатларини илгари суриш, шунингдек, Ўзбекистон фуқаролари, хорижда яшаётган юртдошларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали воситаси бўлиб қолмоқда.

Малайзия ва бутун дунёда ҳукм сураётган пандемия даврида элчихона мезбон мамлакат ҳудудида бўлиб турган талабаларимиз ва фуқароларимиз билан доимий алоқа ўрнатганмиз. Ватанга қайта олмаган Ўзбекистон фуқаролари вақтинча яшаб турган жойларга Малайзияда умумий овқатланиш шохобчалари ёпилгани муносабати билан озиқ-овқат етказиб бериш ташкил этилди. Шунингдек, уларни юртимизга олиб келиш учун чартер рейслари йўлга қўйилди.

Малайзиянинг коронавирусга қарши курашиш, шунингдек, соғлиқни сақлаш, таълим, илм-фан, туризмни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш соҳаларида тўплаган илғор тажрибасини ўрганиш мақсадида Ўзбекистон ҳамда ушбу мамлакатнинг етакчи тиббиёт, таълим муассасалари ва сайёҳлик компаниялари вакиллари ўртасида видеоконференция ва вебинарлар ташкил этилди.

 Бугунги кунда ўзаро муносабатларимиз қандай ривож топмоқда?

– Ўзаро ҳамкорлик нуқтаи назаридан пандемия Ўзбекистон-Малайзия муносабатларини фаоллаштириш учун қўшимча туртки бўлиб хизмат қилганини таъкидлашни истардим. 2020 йил ҳамкорлик асосда ўзаро манфаатли, ишончли ва дўстона асосда жадал суръатларда ривожланишда давом этди.

Малайзияда юзага келган вазият ва жорий этилган чеклов чора-тадбирларига қарамасдан, элчихона ушбу мамлакат билан икки ва кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, икки давлат расмийларининг учрашувлари чоғида эришилган келишувларнинг ижросини таъминлаш, ҳукуматлараро ва идоралараро даражада имзоланган шартномаларни бажаришга қаратилган ишларни давом эттирди.

Хусусан, Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ва Малайзия халқаро савдо ва саноат вазири Муҳаммад Азмин Али, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов ва Малайзия парламенти вакиллар палатаси Спикери ўринбосари Мох Рашид бин Хаснон ўртасида видеоалоқа воситасида музокаралар ташкил этилди.

Шунингдек, Малайзия парламенти виакиллар палатаси Спикери, ташқи ишлар вазири, тадбиркорликни ривожлантириш вазири, транспорт вазири, туризм, санъат ва маданият вазири, дин ишлари бўйича вазири, фан, технологиялар ва инновациялар вазири, соғлиқни сақлаш вазири, Куала-Лумпур шаҳри мэри ва бошқа расмийлар билан учрашувлар ўтказилди.

Бундан ташқари, Малайзия парламентида “Малайзия-Ўзбекистон” дўстлик гуруҳи, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида эса Малайзия билан парламентлараро дўстлик гуруҳи ташкил этилди. Бу, албатта, икки мамлакат ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг барча жабҳаларини янада ривожлантиришга хизмат қилади.

2020 йилнинг январь-октябрь ойларида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 63 миллион долларни ташкил этди. Ўтган йил январь-ноябрь ойларида Ўзбекистон маҳсулотларини экспорт қилиш 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 69,4 фоизга ошиб, 10,2 миллион долларга етди. Шунингдек, элчихона томонидан тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш,  Тошкент ва Хоразм вилоятларида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг амалий натижаси ўлароқ Урганч шаҳрида Хоразм вилоятидаги илк хорижий олий ўқув юрти – Binary халқаро университети очилди. Бундан ташқари, республикамиз диний-маърифий ва илмий тадқиқот муассасалари ҳамда Малайзия исломни англаш институти, Абу Райҳон Беруний номидаги Бизнес ва бошқарув республика олий мактаби ва Малайзия ислом молиялаштириш халқаро таълим маркази, Путра бизнес мактаби, шунингдек, «City University» хусусий университети ва Самарқанд давлат чет тиллар институти ва Бердах номидаги Қорақалпоғистон давлат университети ўртасида ҳамкорлик шартномалари имзоланди.

– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўлланган Мурожаатномасида республикани янада ривожлантириш, жумладан, ташқи сиёсий фаолиятнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди. Шу муносабат билан жорий йил давлатимиз раҳбари Мурожаатномасида белгиланган долзарб вазифаларни бажариш учун элчихона томонидан қандай ишларни амалга ошириш режалаштирилмоқда?

– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида соғлиқни сақлаш, инновация, таълим, ёшлар сиёсати, шунингдек, зиёрат туризмини ривожлантириш соҳаларидаги ислоҳотларга катта эътибор қаратилди. Бу ислоҳотларнинг амалга оширилиши халқимиз турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилади.

Элчихонамиз жамоаси ўз фаолиятини мамлакатимиз раҳбарияти томонидан қўйилган долзарб вазифалар, шу жумладан, Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили доирасидаги чора-тадбирлар ижросини таъминлашга қаратади. Хусусан, жорий йил Малайзия университетларининг Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида филиалларини очиш орқали қурилиш, меъморчилик, сайёҳлик, тиббиёт, фармацевтика, мактабгача таълим, педагогика, тилшунослик, психология ва ахборот технологиялари соҳаларида малакали мутахассисларини тайёрлаш бўйича университетлараро ҳамкорликни фаоллаштириш режалаштирилган.

Ўзбекистон билан Малайзия ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасидаги шерикликни ривожлантиришга кўмаклашиш ҳам ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири бўлади.

Элчихона Ўзбекистон ва Малайзия тиббиёт муассасалари ўртасида шериклик алоқалари ўрнатиш, пандемияга қарши курашишда илғор тажриба алмашиш, телетиббиёт воситасида қўшма тиббий маслаҳатлашувлар ўтказиш, малайзиялик шифокорларни онлайн операцияларга жалб қилиш, шунингдек, республикамиз минтақалари, жумладан, Қорақалпоғистонда қатор қўшма лойиҳалар амалга ошириш, хусусан, клиникалар ва тиббиёт марказларини очиш бўйича иш олиб бормоқда.

Малайзия чегаралари 2021 йил 31 март кунигача ёпилганига қарамасдан, мамлакатимиз раҳбарияти томонидан юртимизга сайёҳлар оқимини янада ошириш, Ўзбекистоннинг зиёрат туризми имкониятларини кенг тарғиб қилиш бўйича белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида дипломатик миссия жамоаси ўзбекистонлик ва малайзиялик шериклар билан биргаликда мазкур соҳадаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича янги ҳукуматлараро битим тузиш устида иш олиб бормоқда.

Мазкур ҳужжат Малайзия масжидларида жума намозлари чоғида мамлакатимизнинг маънавий-маърифий меросини кенг тарғиб қилиш, Ўзбекистон туризм саноати вакиллари учун вебинарлар ташкил этиш, «muslim friendly» ва «halal tourism» стандартларини жорий этиш бўйича тажриба алмашиш, Малайзия ислом туризми маркази экспертларини жалб этган ҳолда малай тили ўқув курсларини ташкил этиш, шунингдек малайзиялик шериклар билан ҳамкорликда Ўзбекистонда “зиёрат туризми” соҳасида кадрлар малакасини ошириш мақсадида Ўзбекистон-Малайзия марказини очиш каби лойиҳаларни ўз ичига олади.

Мухтасар айтганда, Ўзбекистоннинг Малайзиядаги дипломатик миссияси Ватанимиз равнақи ва фаровонлиги йўлида Ўзбекистон-Малайзия ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш йўлида изчил фаолият юритишда давом этади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net