Дипломатлар Ўзбекистон фуқаросига Кениядан ватанга қайтишда ёрдам берди

25.07.2020 10:13

ДУБАЙ, 25 июль. /Дунё” АА/. «Russian Emirates» журналида "Дипломатлар ўзбекистонлик ҳомиладор аёлга Африкадан ватанга қайтишга ёрдам берди" сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Материалда Ўзбекистоннинг Дубайдаги Бош консулхонаси томонидан коронавирус пандемияси даврида ҳомиладор ватандош аёлнинг Африкадан уйга қайтишига қандай ёрдам берилгани ҳақида ҳикоя қилинган. Нашрнинг маълум қилишича, Ўзбекистон фуқароси Олеся К. 2020 йил февраль ойида Угандага сайёҳлик мақсадида борган. Аммо у коронавирус тарқалиши муносабати билан март ойида чекловлар жорий этилгани ва халқаро авиарейсларнинг бекор қилингани сабабли ушбу мамлакатда қолиб кетган.

Аёл 21 июнь куни Ўзбекистоннинг Дубайдаги Бош консулхонасига ватанга қайтишга ёрдам беришни сўраб, мурожаат қилган. Угандадан Тошкентга репатриация рейсини ташкил этишнинг иложи бўлмаган, Дубай ҳам сайёҳларни қабул қилмаётган эди.

Ўзбекистоннинг Угандада дипломатик ваколатхонаси йўқлиги сабабли ўзбекистонлик дипломатлар Россиянинг Дубайдаги Бош консулхонасига ёрдам сўраб, мурожаат қилган. Россиялик дипломатлар, ўз навбатида, Россиянинг Угандадаги элчихонаси ходимлари билан боғланишга кўмак берган.

Бунинг натижасида Олеся К. 18 июль куни Угандадан Москвага ташкил қилинган чартер рейс йўловчилари рўйхатига киритилган. Ўз навбатида, Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси Олесяга 20 июль куни Москвадан Тошкентга чартер рейс билан учиб кетишга кўмаклашган.

«Russian Emirates» нашри Ўзбекистон ўз фуқароларини БААдан ватанга қайтариш дастурини амалга оширишни давом эттираётганини маълум қилган. Хусусан, 22 июль ҳолатига кўра, республиканинг 2,2 мингдан ортиқ фуқароси дипломатлар кўмаги билан ватанга қайтарилган.

Йўловчилар рўйхатини тузишда биринчи навбатда оғир касаллар, ҳомиладор аёллар, ёши катта (55 ёшдан ошган) фуқаролар, ёш болали оилалар, талабалар, сайёҳлар, БААдаги аҳлоқни тузатиш муассасаларида жазони ўтаган шахсларга алоҳида эътибор берилмоқда.

Пандемия бошлангандан бери 600 дан ортиқ ўзбекистонлик фуқаро диаспора вакиллари ва маҳаллий маъмурлар ёрдамида Дубайдаги меҳмонхоналар ва ётоқхоналарда бепул жойлаштирилди ва кунига икки ёки уч марта овқат билан таъминланди. Шунингдек, қийин аҳволга тушиб қолган 1 000 дан ортиқ ватандошга бепул озиқ-овқат етказиб берилди.

Бундан ташқари, Бирлашган Араб Амирликларининг тиббиёт муассасаларида ишлаётган ўзбекистонлик шифокор ва ҳамширалар томонидан бемор ва ёрдамга муҳтож ватандошлар учун бепул консультациялар ва дори-дармон таъминоти ташкил қилинди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net