Давлат тест маркази: тест синовлари коронавирус билан боғлиқ вазият сабаб ортга сурилмоқда

04.08.2020 11:57

ТОШКЕНТ, 4 август. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларига доир фикр-мулоҳазалар бўйича расмий баёнотини эълон қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири марказ манбасига асосланиб.

Баёнотда, жумладан, шундай дейилади:

Мамлакатимизда пандемия шароити мураккаб кечаётгани, карантин чекловлари бекор қилинмаётгани ёки юмшатилмагани боис олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовларини ўтказиш муддатлари тест топширувчилар саломатлигига зарар етмайдиган вазият келгунга қадар кейинга сурилмоқда ва бу ҳақда жамоатчилик мунтазам хабардор қилиб борилмоқда.

Кейинги кунларда турли интернет нашрларида кириш имтиҳонлари усти очиқ катта майдонларда, эрталаб ва кечки сменада ўтказилиши, шунингдек, аниқ саналар белгилангани тўғрисида хабарлар тарқалмоқда.

Бу борада расман шуни маълуми қиламизки, айни кунларда Давлат тест маркази томонидан жараёнларни аввало тест топширувчилар саломатлиги хавфсизлигини таъминлаган ҳолда ташкил этиш борасида турли вариантлар ўрганиб чиқилмоқда.

Қайд этиш керак, ушбу ҳаракатлар ҳали ўрганиш босқичида бўлгани сабабли ҳозирдан “шундай бўлади” қабилида хабарлар тарқатиш абитуриентларни чалғитиши, тестга тайёргарлик жараёнига таъсир кўрсатиши мумкин.

Шуларни ҳисобга олиб, Давлат комиссияси кўрсатмаси асосида соғлиқни сақлаш ташкилотлари билан биргаликда, жорий йил қабул тест синовларини ўтказиш учун мақбул ва хавфсиз жойлар танланиб, аниқ саналар белгилангач, Давлат тест маркази томонидан оммавий ахборот воситалари орқали ишончли хабар берилади.

Бунга қадар абитуриентлардан турли хабарларга эътибор қилмасдан вақтдан унумли фойдаланишни, тест синовига пухта тайёргарлик кўришни давом эттиришни сўраб қоламиз.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net