Давлат Божхона қўмитаси: Коронавирус инфекциясига қарши курашиш бўйича олиб борилаётган чоралар ташқи савдо юклари ҳаракатига таъсир кўр

15.03.2020 16:11

ТОШКЕНТ, 16 март. /«Дунё» АА»/. Бугунги кунда жаҳоннинг 115 дан ортиқ мамлакатида коронавирус инфекцияси қайд этилган бўлиб, инфекция билан боғлиқ халқаро эпидемик вазиятдан келиб чиқиб, республикамиз ҳудудига коронавирус кириб келиши, тарқалиши ҳамда аҳолининг санитар-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш мақсадида, бир қанча тадбирлар амалга оширилмоқда, деб хабар бермоқда «Дунё»АА мухбири Давлат божхона қўмитаси манбасига таяниб.

Хусусан, жорий йилнинг 15 март куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ҳузурида мазкур масалага бағишлаб ўтказилган йиғилишда 2020 йилнинг 16 март кунидан бошлаб Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида шахслар ва йўловчи ташувчи транспорт воситалари ҳаракатини вақтинча тўхтатиш бўйича қарор қабул қилинди.

Мазкур йиғилиш тафсилотлари оммавий ахборот воситаларида эълон қилинганидан сўнг, айрим ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланувчи фуқаролар томонидан экспорт-импорт тартибида транспорт воситаларида ташилаётган юклар ҳам чегарадан ўтказилмас экан-да деган ортиқча хавотирлар билдирилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур чекловлар юк автомобиллари, авиа, темир йўл, дарё транспортларида юк ташиш билан шуғулланувчи шахслар, уларнинг транспорт воситалари ва ташилаётган ташқи савдо юкларига таалуқли эмас.

Чегара ўтказиш ҳудудларида мазкур ташувларни амалга ошираётган шахслар ва уларнинг транспорт воситалари тегишли тартибда текширувлардан ўтказилиб, республикамиз орқали ҳаракатланишига рухсат берилади.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида товарларнинг ташқи савдо ҳажми 4,6 миллиард долларни ташкил этди.

Шунингдек, республикамизга жами 36 096 та автотранспорт воситасида 671,5 минг тонна товар ташуви амалга оширилган.

Темир йўл орқали эса 1 164 та вагонда 79,6 минг тонна товар олиб келинган.

Давлат божхона қўмитаси божхона органлари фаолиятига доир холис ва ҳаққоний хабарларни эълон қилишда оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчилик вакиллари билан ўзаро ҳамкорликка доимо тайёр эканлигини маълум қилган.

Шу билан бирга, мазкур масалаларга оид ҳар қандай мурожаатлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг туну-кун фаолият кўрсатувчи 11-08 рақамли ишонч телефонига қўнғироқ қилиш мумкин.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net