Буюк Британияда ўзбек миллий мақом санъати бўйича онлайн-маҳорат дарси ташкил этилди

01.05.2021 11:08

ЛОНДОН, 1 май.  /«Дунё» АА/.  Мамлакатимизнинг Лондондаги элчихонаси ва Тошкентдаги «Мақом мактаби» тадқиқот маркази томонидан Zoom платформаси орқали жонли концерт дастури ва «Мақом ва замонавий мусиқа» мавзусида онлайн-форум ўтказилди, деб хабар бермоқда  «Дунё» АА мухбири.

Тадбир “Буюк Британия – Ўзбекистон” дўстлик жамияти ва Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ўртасида 2020 йил август ойида имзоланган маданий-гуманитар тадбирларни ҳамкорликда ўтказиш тўғрисидаги меморандум доирасида уюштирилди.

«Мақом мактаби» маркази вакиллари ўзбек миллий мақом санъатининг тарихи, Марказий Осиё мақомчилик мактабининг шаклланиши ва ривожланиши, Ўзбекистонда ушбу миллий қўшиқчилик санъати ривожига қаратилаётган эътибор, соҳа олимлари ва машҳур мақомчилар фаолияти ҳақида тақдимот ўтказди.

Маҳорат дарси давомида тадқиқот маркази раҳбари Аброр Зуфаров шашқамомнинг асосий турлари — бузрук, рост, наво, дугоҳ, сегоҳ ва ироқни ижро эди. У анъанавий ва замонавий мақом ўртасидаги асосий фарқларни овоз  ва турли хил созларни чалиш орқали кўрсатиб берди.

Учрашувда мусиқашунослар Европа мусиқий нота тизимига ўтгандан сўнг собиқ тузум даврида деярли йўқолиб кетган мақом ва унинг мусиқий ноталарининг ноёб мумтоз шакли қайта тикланаётгани  таъкидланди.  Бу борада  марказ мусиқашунос олимлари кенг кўламли илмий изланишлар  олиб бормоқда. Бугунги кунда тадқиқот маркази нафақат ноёб миллий меросимизни тиклашга, балки анъанавий мусиқани замонавий мусиқа билан мослаштириш ва ҳамоҳанг тарзда ривожлантиришга интилмоқда. Ёшларнинг мақом санъатига қизиқиши тобора ортиб бораётгани алоҳида қайд этилди.  ?лгари консерваторияда 5-6 нафар талаба мақом йўналишида таҳсил олган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 200 дан ошди.

Форумнинг якуний қисмида  «Бозургони», «Самои дугоҳ», «Ҳино», «Танавор», «Гардуни дугоҳ», «Гулузорим» ва «Сараҳбори бузрук» каби  ўзбек миллий  қўшиқлари ижро этилди. Миллий куй-қўшиқлар ва ижрочиларнинг маҳорати Буюк британиялик тингловчиларда катта таассурот уйғотди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net