Буюк Британияда «?пак йўли: жонли тарих» фотокўргазмаси очилди

20.04.2021 11:03

ЛОНДОН, 20 апрель. /«Дунё» АА/. Лондоннинг марказий қисмидаги «Granary Square» майдонида «?пак йўли: жонли тарих» мавзусида очиқ осмон остидаги фотокўргазма очилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Унда қадимий Буюк ипак йўли бўйлаб жойлашган қатор мамлакатлар халқларининг маданий хилма-хиллиги ва ўзига хослигини акс эттирувчи 160 дан ортиқ фотосурат намойиш этилмоқда.

Фотоасарлар муаллифи - британиялик фотограф Кристофер Уилтон-Стир. У 2019 йилда Лондондан Пекинга қадимий савдо йўли орқали 16 мамлакат бўйлаб автомобиль, от ва туяда қилган тўрт ойлик саёҳати давомида ҳайратланарли тасвирларни суратга олган.

Ўзбекистон кўргазманинг марказий мавзуларидан бирини ташкил қилган. Ушбу қисмда Самарқанд (Бибихоним масжиди, Тиллакори ва Шердор мадрасалари) ва Хива шаҳарларидаги (Тош ҳовли саройи) меъморчилик обидалари, декоратив безаклар фотосуратлари жой олган. Баъзи фотосуратлар ҳунармандчилик асарлари - ёғоч ўймакорлиги, сополчилик, тўқимачилик, шу жумладан, миллий либосларга бағишланган.

Батафсилроқ маълумот олиш учун экспонатлардаги махсус QR-кодни сканерлаш орқали кўргазма веб-сайтига (https://silkroad-livinghistory.org/) кириш мумкин. Бу ерда қўшимча фотосуратлар, шу жумладан, Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари - Самарқанд, Бухоро ва Хиванинг меъморий ёдгорликлари билан яқиндан танишиш мумкин.

Кўргазма жорий йил июнь ойининг ўрталарига қадар давом этади.

Кристофер Уилтон-Стир коронавирус пандемияси сабабли халқар ҳаракатланиш чекланган бугунги кунда ушбу кўргазма ташриф буюрувчиларга Буюк Британиядан узоқ ўлкаларга саёҳат қилиш имкониятини тақдим этаётганини таъкидламоқда.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net