Бухоро туризм техникуми Франциянинг Руан университети билан ҳамкорлик қилади

14.12.2020 10:36

ТОШКЕНТ, 14 декабрь. /«Дунё» АА/. Бухоро вилоят Туризмни ривожлантириш департаменти раҳбарияти  Франциянинг Руан университети вакиллари билан видеоконфенция ўтказди. Тадбирда департамент томонидан илгари сурилган икки томонлама ҳамкорликнинг амалий жиҳатлари муҳокама этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Бухоро вилоят туризмни ривожлантириш департаменти маълумотига таяниб.

Онлайн-мулоқотни Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг ўринбосари Улуғбек Аъзамов очиб берди ҳамда мамлакатимизда туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан туризм таълими йўналишида олиб борилаётган ўзгаришлар ҳақида сўзлади. 

Таъкидлаш лозимки, Бухоро туризм техникуми билан Франциянинг Руан университети туризм соҳасида ўрта бўғин кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга доир келишувга эришган. Унга кўра, талабалар икки йил давомида Бухоро туризм техникумида таълим олиш жараёнида Руан университети профессор-ўқитувчилари томонидан бериладиган ўқув  семинарларда иштирок этади. Техникумни муваффақиятли тугатган иқтидорли талабалар Францияда бакалавриат йўналишида грант асосида ўқишни давом эттириш имкониятига бўлади.

Шунингдек, муҳокамаларда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш механизмлари ва устувор йўналишлари белгилаб олинди. Жумладан, Руан университети тадқиқотчилари ва докторантларининг амалиётларини Бухоро туризм техникумида ўтказиш ва биргаликда тадқиқотлар олиб боришга келишиб олинди.

Бундан ташқари, онлайн-мулоқот давомида икки томонлама дипломлар бериш дастурларини (Double Degree) ишлаб чиқиш таклиф этилди. 

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net