Бугун Венецияда Ўзбекистон Миллий павильони — «Dixit Algorizmi – The Garden of Knowledge» ўз ишини бошламоқда

23.04.2022 11:34

ТОШКЕНТ, 22 апрель. /«Дунё» АА/.  59-Венеция замонавий санъат биенналесида Ўзбекистон Миллий павильони очилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Туризмни ривожлантириш қўмитаси маълумотига кўра,  унда «Dixit Algorizmi – The Garden of Knowledge»  («Ал-Хоразмий айтганидек – Билимлар боғи») кўргазмаси тақдим этилди. Кўргазма бугун ўз ишини бошлайди ва 27 ноябргача давом этади..

 Ўзбекистон павильони Хива шаҳрида туғилиб ўсган, замонавий илм-фаннинг турли йўналишларига асос солган олим ва мутафаккир Муҳаммад ибн Мусо Хоразмийнинг илмий меросини акс эттиради. «Dixit Algorizmi – The Garden of Knowledge» лойиҳаси рақамли технологияларнинг келиб чиқиши ва мавжудлиги ҳақида ўрнашиб қолган афсоналарни замонавий бадиий амалиётлардан фойдаланган ҳолда таҳлил қилади. Рассомлар ва кураторлар технологиянинг келиб чиқиши ва унинг узоқ вақт унутилган ёки йўқолган жойлар, даврлар ва маданиятлар билан алоқасини ўрганади.

«Мамлакатимиз 2022 йилда Венеция биенналесида иккинчи бор иштирок этади. Биенналенинг ўтган йилги очилиши катта шов-шувга сабаб бўлган эди. Бу йил ҳам  биз янги ғоялар билан қайтмоқдамиз ва яна бир бор замонавий санъат оламини чорлаймиз. Бу йилги лойиҳамиз жаҳонга машҳур олим Муҳаммад ибн Мусо Хоразмий меросидан илҳомланаётганидан фахрланамиз. Унинг «Ҳикмат уйи» кўплаб муҳим илмий кашфиётлар учун майдон бўлиб, кейинчалик замонавий илм-фан ривожига асос бўлди. Улуғ мутафаккир ижодига замонавий санъат призмасидан янгича талқинларни тақдим этган ва бугунги кундагидан ҳам долзарб мавзуларга қўрқмасдан тўхталиб ўтган кураторларимиздан чексиз миннатдормиз», деди Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Кенгаш раиси ўринбосари Саида Мирзиёева.

Ўзбекистон павильонининг фазовий ташкил этилиши ислом боғи анъаналаридан илҳомланиб, олимлар ва мутафаккирлар учун диққатга сазовор жой бўлиб, павильоннинг ўзи тадқиқот, фикр юритиш ва тажрибалар учун юқори технологияли маконга айланади. Етти ой давомида давом этадиган биенналеда оммавий дастурининг асосий ғоялари бўйича  тажриба алмашилади.

 «Кўргазманинг бутун даври давомида павильонда илмий-оммабоп ва юқори ихтисослаштирилган тадбирларнинг бой дастури бўлиб ўтади. Бу йил биз Хоразмийнинг «Ҳикмат уйи» асаридан илҳомланган ҳолда маданий чорраҳа бўлган боғимизга таниқли мутафаккирлар, рассомлар ва кураторларни таклиф қиламиз ва жамоат дастуримизнинг бир қисмига айланамиз. Бу тадбирлар ўзбек ва халқаро санъат намояндалари ва кураторлари ўртасидаги мулоқот учун қулай замин бўлиб, келажакдаги қўшма лойиҳаларга асос яратади», дейди Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ижрочи директори Гаяне Умерова.

 Оммавий дастур билан бир қаторда павильонда ўзбек миллий мақом санъати ижрочиси Аброр Зуфаров, Париж ва Токиодан бўлган рассом ва бастакор Чарли Тапп томонидан яратилган «Velosity0» овозли инсталяцияси бўлиб ўтади. ?нсталляция халқаро тажриба платформасига айланади, унда бутун дунё мусиқачилари «Velosity0»  алгоритми билан махсус яратилган «The Program» платформасидан фойдаланган ҳолда ишлаши мумкин бўлади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net