Британиянинг “The Times” нашри журналисти 2021 йилда саёҳат манзили сифатида Ўзбекистонни таклиф қилди

05.05.2020 14:19

ЛОНДОН, 5 май. /“Дунё” АА/. Британиянинг «The Times» газетасида журналист Анна Мерфининг мамлакатимизга ташрифи хотиралари ва 2021 йилда саёҳат йўналишидан бири сифатида Ўзбекистонни таклиф қилгани ҳақидаги мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Коронавирус пандемияси билан боғлиқ карантин сабаб муаллиф ўз мақоласида ўтган сафарлари билан боғлиқ хотираларини ёдга олади.

«Ўтган йиллар давомида кўплаб мамлакатларга саёҳатим натижасида ўзим учун янги уфқларни кашф этганимдан сўнг, уйда ўтириб, ташриф буюрган мамлакатларим ҳақидаги таассуротларимни тақдим этишим керак, деган фикрга келдим...», деб ёзади у.

Журналистнинг сўзларига кўра, у саёҳат қилган кўплаб мамлакатлар орасида Ўзбекистон ўзининг қадимий шаҳарлари, Буюк ипак йўлидаги ривожланиш босқичи билан ўзига хос бой хазина сифатида ажралиб туради.

Анна Самарқанд, Бухоро Хивадаги мақбаралар, масжид ва мадрасалардан ҳайратга тушганини айтади.

“Бетакрор геометрик нақшлар билан безатилган улкан бинолар, ўзига хос манзаралар, гўзал гумбазлар – булар мен кўрган мўъжизалар”, деб ёзади инглиз журналисти.

У Ўзбекистондаги гумбазларни тасвирлаб, тарихчилардан иқтибос келтирди: «Ва ҳатто осмон ҳам мовий гумбазлар гўзаллигига ҳасад қилар эди».

Журналист саёҳатни Тошкент шаҳридан бошлаб, Чорсу бозорини «гўшт, нон ва паловни севувчилар учун оҳанрабо» деб атайди. Бу ерда у новвот, ширин асал ва чой татиб кўрганини эсга олади.

«Бозордан сиз, шунингдек, ёнғоқ, қуритилган меваларни харид қилишингиз мумкин», дейди Анна.

Муаллиф саёҳатни Самарқандда давом эттирар экан, бу шаҳар у кўрган энг ажойиб шаҳарлардан бири эканини ёзади.

«Регистан майдони – бу гўзал ва тарихий аҳамияти билан Венециядаги Сан-Маринодан кам бўлмаган улуғвор мажмуадир», дейди сайёҳ.

Буюк Британиялик малакали журналист Шохи Зинда мақбараларининг бетакрорлигидан ҳайратланиб, “Унинг мақбаралари гўзалликда ўзаро беллашади”, дейди.

Самарқанддан Бухорога йўл олган зиёратчи журналист Зарафшон тоғларининг улуғворлигидан ҳайратга тушади. Анна Бухорода Арк қалъаси ва Сомонийлар мақбарасида бўлади. Унинг фикрича, Бухоронинг сақланиб қолган эски шаҳар қисми унинг ўзига хослигини таъминлаган.

«Тор ва жин кўчалар бўйлаб айланиб юриб, ўзингизни бир зум адашиб қолгандек ҳис қиламиз. Аммо вақт ўтиб сиз шаҳарнинг гўзал майдонларидан бирида – “Лаби Ҳавуз” ёнидан чиқасиз, деб ёзади муаллиф.

У кўплаб ҳунармандчилик дўконларининг ноёб маҳсулотлари – тўқимачилик, заргарлик буюмлари, сўзаналарни тавсифлайди.

Қадимги Хива шаҳри Анна учун Ўзбекистон бўйлаб саёҳатининг сўнгги манзили бўлди.

«Миноралар бир вақтлар чўл ҳудудларини кесиб ўтган саёҳатчилар йўлларини ёритган», дейди у қадимий шаҳарга таъриф бера туриб. «?чан қалъа – очиқ осмон остидаги музей ЮНEСКОнинг жаҳон маданий мероси рўйхатига кирган».

Мақола якунида британиялик журналист коронавирус мавзусига қайтиб, COVID-19 инсонлар ҳаётий режаларига тузатишлар киритганини қайд этар экан, нега британияликлар илгарилари Ўзбекистонга кам саёҳат қилган, деган саволни ўртага ташлайди. Унинг фикрича, дунё карантиндан чиққач, фурсатдан фойдаланиши керак:

«Бу ерда жуда кўп бетакрор жиҳатлар борки, сиз уларни ҳаётингиз давомида ҳали кўрмагансиз. Ахир, бу Ўзбекистон!», дея хулоса қилади муаллиф.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net