Бош котиб Владимир Норов ШҲТнинг 2025 йилгача ривожланиш стратегияси ҳақида интервью берди

13.07.2020 11:59

ТОШКEНТ, 13 июль. /«Дунё» АА/. Шу йил 10 июль куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 2025 йилгача ривожланиш стратегияси қабул қилинганига беш йил тўлди. Шу муносабат билан ШҲТ Бош котиби Владимир Норов «Жэньминь жибао», газетаси, ТАСС ахборот агентлиги ва «Россия-Хитой» янгиликлар порталига интервью берди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Суҳбатда Стратегиянинг аҳамияти ҳақида фикр билдирилди. Таъкидланганидек, Стратегияни ШҲТ Низоми ва ташкилотга аъзо давлатларнинг узоқ муддатли қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битими билан таққослаш мумкин. Ҳужжат ўн йилга мўлжалланган «Йўл харитаси» бўлиб, унинг ҳар бир тақдимоти барча аъзо давлатларнинг миллий манфаатларига, шунингдек, ШҲТнинг кенг маконида узоқ муддатли қўшма ривожланиш мақсадларига жавоб беради.

Стратегия Давлат раҳбарлари кенгашининг 2014 йилдаги қарорига мувофиқ тайёрланган. Уни ишлаб чиқишда вазирликлар ва идораларнинг мутахассислари, аъзо давлатларнинг тадқиқот ва таҳлил доиралари вакиллари жалб қилинди. Ҳужжат 2015 йил 10 июль куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Уфа саммитида тантанали равишда имзоланди.

В.Норовга кўра, Стратегияни амалга оширишнинг биринчи беш йиллик даври «Унинг самарадорлигини намойиш этди, ўзаро ишончни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга, минтақада ва умуман бутун дунёда узоқ муддатли тинчлик ҳамда биргаликда ривожланишни қўллаб-қувватлашга қаратилган». Шунингдек, стратегия минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, сиёсий барқарорликни таъминлаш, хавфсизликни мустаҳкамлаш, иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, ШҲТ халқларининг қўшма ривожланиши ва фаровонлигини таъминлашда давом этмоқда.

Ҳужжатда халқаро ва минтақавий вазиятнинг ривожланиш прогнози, шунингдек, ташкилотнинг фаолияти, унинг минтақадаги ва дунёдаги ўрни кўрсатилган. Бу ШҲТнинг асосий ҳужжатларида белгиланган мақсадлар, вазифалар ва тамойилларга содиқлигини тасдиқлайди.

Стратегия қоидалари ШҲТга аъзо давлатларга минтақавий хавфсизликни таъминлаш, савдо-иқтисодий алоқаларни, маданий-гуманитар алоқаларни чуқурлаштириш ва ташкилотнинг халқаро алоқаларини ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишда ёрдам беришга қаратилган.

ШҲТ Бош котиби ушбу ҳужжатни амалга оширишнинг амалий натижаларидан бири Ҳиндистон ва Покистоннинг ташкилотга қабул қилиниши бўлиб, натижада трансконтинентал характерга эга эканини ва халқаро майдондаги мавқеини янада мустаҳкамлаганини таъкидлади.

Стратегия ШҲТ фаолияти ҳеч қачон учинчи давлатлар ва халқаро бирлашмаларга қарши қаратилмаганини тасдиқлайди. Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ШҲТ Хартиясида мустаҳкамланган тамойилнинг ўзгармаслигидан келиб чиқиб, ШҲТ манфаатларига қарши қаратилган ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг олдини олади. Ҳужжатда аниқ айтилишича, Ташкилот ҳарбий-сиёсий блок ёки миллий бошқарув органлари билан интеграциялашган иқтисодий иттифоқ бўлишга интилмайди.

Владимир Норов ШҲТнинг муваффақиятли изчил ривожланишининг ҳодисаси шундаки, аъзо давлатлар ўзаро ишонч, ўзаро манфаат, тенглик, ўзаро маслаҳатлашувлар, маданий хилма-хилликни ҳурмат қилиш ва биргаликда ривожланиш истагини ўзида мужассам этган "Шанхай руҳи" га қатъий ва изчил амал қилмоқда, деб айтиб ўтди.

Стратегия қоидаларини амалга ошириш учун 2016 йилда уни амалга ошириш бўйича беш йиллик ҳаракатлар режаси тасдиқланган. Унга ташкилотнинг кўп тармоқли фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган 75 амалий чора-тадбирлар киритилган.

ШҲТ Бош котиби қайд этганидек, ушбу режанинг натижалари таҳлили унда белгиланган барча вазифалар бажарилганини кўрсатади. Шу муносабат билан аъзо давлатлар келгуси беш йиллик давр учун Ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишга киришдилар. Ушбу лойиҳада ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги муносабатларнинг кенгайганлигидан далолат берувчи 150 га яқин тадбирлар мавжуд. Улар Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Санкт-Петербургдаги навбатдаги саммитида тасдиқланиши режалаштирилган.

Суҳбат якунида В.Норов Стратегия кўп тармоқли минтақавий ҳамкорликни самарали ривожлантиришни, сиёсий барқарорликни, хавфсизликни мустаҳкамлашни, иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришни, ШҲТ халқларининг қўшма ривожланиши ва фаровонлигини таъминлашда давом этишини таъкидлади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net