Бокуда Ўзбекистон элчихонаси томонидан Бобур меросига бағишланган халқаро виртуал анжуман ташкил этилди

15.02.2021 10:36

БОКУ, 15 февраль. /«Дунё» АА/. Мамлакатимизнинг Бокудаги  элчихонаси томонидан Озарбайжон Миллий фанлар академияси Низомий Ганжавий номидаги адабиёт институти билан ҳамкорликда буюк шоир ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 538 йиллиги бағишланган «Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва Озарбайжон» мавзусида халқаро илмий онлайн-конференция ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Халқаро конференцияда Озарбайжон Миллий фанлар академияси,  Н.Ганжавий номидаги адабиёт институти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон ва Озарбайжон тилшунос, адабиётшунос, бобуршунос, тарихчи олим ва мутахассислари, Афғонистоннинг Озарбайжондаги элчихонаси вакиллари иштирок этди.

Мамлакатимиз элчиси Баҳром Ашрафхонов ўзбек халқининг буюк фарзанди, шоир, темурий саркарда ва ҳукмдор Заҳириддин Муҳаммад Бобур шахси ва юртимизда унинг меросини ўрганиш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот берди. Шунингдек, элчи Бобур Мирзонинг жаҳон давлатчилик тарихи, илм-фани ва санъати ривожига қўшган ҳиссасини алоҳида таъкидлади.

Ўз навбатида, Ўзбекистон ва Озарбайжон тарихчи ҳамда адабиётшунослари Бобур ҳаёти ва ижоди ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

?со Габбибейли, Озарбайжон Миллий фанлар академияси вице-президенти, Низомий Ганжавий номидаги Адабиёт институтининг директори:

- Бугунги анжуман озарбайжонлик ва ўзбекистонлик олимлар ҳамда дипломатик корпус вакиллари иштирокидаги элчихонанинг иккинчи йирик тадбиридир.

Бобур туркий оламнинг фахри, у ажойиб давлат арбоби, қудратли ҳукмдор ва ўткир қалам соҳиби бўлган. Менга Ҳиндистонда бўлиб, бобурийлар сулоласи даврида барпо этилган буюк меъморчилик санъати намуналари билан танишиш, уларни ўрганиш бахтинасиб этган. Ҳеч кимга сир эмаски, бубурий  подшоҳ Шоҳжаҳон томонидан қурдирилган Тож Маҳал дунёнинг 7 мўжизасидан биридир. Бу тарихий обидани бунёд этишда туркий, жумладан, озарбайжон меъморларининг ҳам меҳнати синган. Шунинг учун, Тож Маҳал ўзбек, ҳинд ва озарбайжон меъморларининг машаққатли меҳнати натижаси, десам ҳеч муболаға бўлмайди.

Бобур бобурийлар империясининг асосчиси сифатида жаҳон тарихида из қолдирди. Бобур донишманд ва қудратли ҳукмдор эканлиги билан бир қаторда дилбар шоир эди. «Бобурнома» ҳақли равишда жаҳон халқларининг ривожланиши ва равнақи, тарихи, ҳаёти ва маданиятини ўзида мужассам этган адабий ёдгорликдир. Навоий асарлари сингари Бобур асарлари ҳам чиғатой туркий тил қудрати ва бойлиги рамзи бўлди. Бобур лирикаси ва шеърияти умумий туркий адабий меросининг мукаммал ва ёрқин намунали саҳифаси ҳисобланади.

Нодиржон Холбўтаев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари:

- Буюк боболаримиз орасида Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг алоҳида ўрни бор. Бобур ўз даврида буюк бир салтанат қуриб, бизни боғлаган бўлса, ҳозирги кунда ўзининг асарлари билан бутун дунё адабиётшунослари, маърифатшуносларининг қалбини боғлаб келаяпти.

Манбаларга кўра, XVI асрданоқ Бобур ҳақидаги маълумотлар турк дунёсига тарқала бошлаган. Хусусан, Сайфи Чалабийнинг XVI асрда ёзилган «Сайёҳатнома»сида Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида, унинг салтанати ҳақида кўплаб маълумотлар келтирилган. Кейинчалик XX асрда турк олими Фуат Копру ва унинг издошларининг тадқиқотлари Бобурни бутун туркий дунёга танитди. Яна бир қатор туркий миллат олимлар, масалан, туркманистонлик Раҳиммамад Куринов, қиргизистонлик Аслбек Алиев ва озарбайжонлик олимларимиз Бобур ижодини дунёга тарғиб этишда алоҳида фаоллик кўрсатмоқда.

Шу ўринда мен Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг фахрий аъзоси Рамиз Аскернинг  «Алишер Навоий ўзбек ҳалқининг буюк фарзанди, бу табиий, лекин, Навоийдан кейин яна бир буюк шахсият борки у Заҳириддин Муҳаммад Бобурдир», деган сўзларини келтирмоқчиман. Рамиз Аскер “Бобурнома” ва Бобур ғазалларини озарбайжон тилига таржима қилганини билан бизга яхши таниш. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Амонуллоҳ Жайхун, Афғонистоннинг Озарбайжондаги элчиси:

- Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби машҳур аждодларимизнинг мероси билан жуда яхши танишман. Бобур туркий адабий мероснинг ёрқин юлдузидир.

Бобур давлат арбоби, санъат ва адабиёт соҳиби бўлган. У нафақат туркийзабон дунёда, балки Ғарбда ҳам таниқли шахсдир.

У Қобулда 7 та улуғвор боғ, шу жумладан, унинг қабри жойлашган «Бобур боғи»ни ҳам барпо этган.  Бобурнинг фарзандларига ўгитлари ҳозир ҳам катта тарбиявий аҳамиятга эга. Хусусан, ўлимидан олдин ўғлига қуйидаги маслаҳатни берган: «Ҳиндистонда кўплаб динлар бўлганлиги сабабли адолатли бўл ва диний низоларнинг олдини ол». Биз ушбу фикрларнинг нечоғли муҳим эканини тушунуб етмоғимиз даркор. Мен Бобур ҳаёти ва асарлари билан танишар эканман ундан кўп нарсаларни ўрганишимиз керак, деган хулосага келганман.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net