БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси тарғиботига оид Ўзбекистон ташаббуслари ёшлар томонидан қизғин олқишланди

24.09.2020 16:37

ТОШКЕНТ, 24 сентябрь. /«Дунё» АА/. Ёшлар ишлари агентлиги директори ўринбосари Дилнозахон Каттахонова Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни тарғиб қилиш бўйича илгари сурилган ташаббус ҳақида “Дунё” АА мухбирига интервью берди.

– Ёшлар ўртасида ишсизликнинг кўпайганини коронавирус пандемияси салбий оқибатларидан бири дейиш мумкин. Халқаро меҳнат ташкилоти маълумотига кўра, дунё бўйича иш ўринлари 6,7 фоизга қисқариши кутилмоқда. Бу 295 миллион иш ўрни демакдир. Уларнинг 70 миллиондан ортиғини 24 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Шу билан бирга, ишчи ёшларнинг 40 фоизга яқини ўта қашшоқликда кун кечирмоқда.

Марказий Осиё дунёдаги энг ёш минтақа ҳисобланиб, бу ердаги ўртача кўрсаткич 28,6 ёшни ташкил этади. Хусусан, минтақа аҳолисининг 50 фоизга яқини яшайдиган Ўзбекистонда 30 ёшгача бўлган ёшлар аҳолининг 60 фоизини ташкил этади.

Сўнгги йилларда мамлакат раҳбариятининг ташаббуси туфайли ёшлар сиёсатини такомиллаштириш соҳасида улкан ишлар амалга оширилди.

Жумладан, турли соҳаларда юксак натижа ва ютуқларга эришаётган фидойи ёшларни рағбатлантириш мақсадида “Мард ўғлон” давлат мукофоти ва “Келажак бунёдкори” медали таъсис этилди. Ўзбекистонда – 30 июнь Ўзбекистонда Ёшлар куни деб эълон қилинган.

Ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларнинг ахборот технологиялари бўйича саводхонлигини ошириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида бешта муҳим ташаббус амалга оширилмоқда.

Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этилиб, унинг зиммасига ёшларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг жалб этиш, замонавий касб-ҳунар ва рақамли иқтисодиёт кўникмаларини чуқур эгаллашлари учун ёшларга қўшимча шароит яратиш ҳамда уларни ишга жойлаштириш жараёнига кўмаклашиш каби вазифалар юклатилган.

Ўзбекистон Республикасида Ёшларга оид давлат сиёсатини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар дастури амалга оширилмоқда.

2018 йилдан бошлаб Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси фаолият юритиб келмоқда. Уюшманинг асосий мақсади хорижда таълим олаётган ва меҳнат қилаётган ёшлар манфаатларини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилишдан иборат. Бугунги кунга келиб дунёнинг 13 дан ортиқ мамлакатида Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси аъзолари мавжуд.

БМТ Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясининг қабул қилиниши ва тан олиниши давлатларнинг ёш авлод ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишга, ёшларни муҳим қарорлар қабул қилиш жараёнларига кенгроқ жалб этишга, зўравонлик ва шафқатсизлик, терроризм, экстремизм, сепаратизм ғоялари таъсиридан ҳимоя қилишга ва шу каби бошқа масалаларда саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга, шунингдек, дунё ёш аҳолисини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашнинг халқаро стандартлари ва мезонларини ишлаб чиқишга ёрдам беради.

Бу эса, ўз навбатида, ёшларнинг умумий аҳволи, хусусан, улар саломатлиги, таълим олиш сифати, ҳаётий малакаси ва маҳорати, ҳаёт фаровонлигини юксалтиришга, шу жумладан ёшларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга ҳамда халқаро тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Мухтасар қилиб айтганда, Ўзбекистон раҳбариятининг БМТ Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини илгари суришни қўллаб-қувватлаш борасидаги ташаббуси жуда долзарбдир.

Зеро, ёш авлод мамлакатнинг келгуси тараққиёти учун асосий умид ва таянчдир. Ушбу конвенция ёшларнинг замонавий дунёда тутган ўрни муҳимлиги ва зарурлигини яна бир бор тасдиқлайди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net