БМТ ва ЕХҲТнинг мамлакатимиздаги ваколатхоналари раҳбарлари Ўзбекистонда кам сонли миллатлар учун яратилган шароит билан танишди

28.04.2020 18:06

ТОШКEНТ, 28 апрель. /«Дунё» АА/. БМТнинг Ўзбекистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси Ҳелена Фрейзер, ЕХҲТнинг мамлакатимиздаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Жон МакГрегор тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари билан биргаликда «Обод қишлоқ» дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Жиззах вилоятининг Пахтакор тумани Олтинкўл қишлоғида бўлди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси манбасига асосланиб.

Мазкур қишлоқ бир неча ой давомида ташландиқ саҳро ҳудудида қад ростлади. Ноёб шаҳарсозлик лойиҳасининг амалга оширилиши Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шахсан эътиборида бўлди. Бир йил мобайнида бу ерда 460 та янги коттеж, маиший хизмат кўрсатиш уйи ва 500 ўринли тўқимачилик фабрикаси қурилди.

Бугунги кунда қишлоқда 939 та оила истиқомат қилади. Шундан 301 оиладаги 1 минг 225 нафар аҳоли лўли миллатига мансуб бўлиб, улар ўзбек, тожик, қозоқ, қирғиз, татар ва бошқа миллат вакиллари билан қўни қўшничиликда яшамоқда. Ушбу янги қишлоқнинг қурилиши Ўзбекистоннинг мамлакатда барча миллат ва элатларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга содиқлиги, шунингдек, аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини яхшилашга қаратилган ислоҳотларининг яна бир ёрқин намунаси бўлди.

Ташриф доирасида халқаро ташкилотлар ва давлат идоралари вакилларига қишлоқни қуриш жараёни ҳақида видеофильм намойиш этилди. Фильмга Олтинкўл қишлоғи аҳолисининг бундан олдинги яшаш шароити ҳақида маълумот берувчи лавҳалар киритилган. ?кки йил олдин ушбу ҳудудда фақат эски, қулаб тушган кулбалар бор эди, ҳаёт кечиришнинг паст даражаси кузатилиб, зарур инфратузилма мавжуд эмас эди.

БМТнинг Ўзбекистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси Ҳелена Фрейзер ўз таассуротлари билан бўлишар экан, БМТ ҳар доим аҳолининг заиф қатламлари ҳақида қайғуришини таъкидлади.

– Кам таъминланган инсонлар – фаолиятимизнинг устувор йўналишидир. Бундай инсонлар ҳаётини яхшилаш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати «Обод қишлоқ» дастури доирасида кенг кўламли бунёдкорлик ишларини амалга ошираётганидан хурсандмиз. Айниқса, лўли миллатига мансуб аҳоли ҳаётидаги ўзгаришларни, уларнинг бошқа миллат вакиллари билан тенгликда яшаётгани кишини қувонтиради. Қувонарлиси, мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам кичик миллат вакиллари учун ана шундай муносиб ҳаёт тарзи, зарур шароитлар яратилмоқда, – дея қайд этди Ҳ.Фрейзер.

Шу ўринда таъкидлаш жоиз, бундан икки йил муқаддам Тошкент вилоятининг Чиноз туманидаги тожиклар истиқомат қиладиган “Тонг юлдузи” қишлоғи ҳам тўлиқ қайта қурилган эди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ана шундай лойиҳалар Ўзбекистоннинг бошқа чекка ҳудудларида ҳам муваффақиятли амалга оширилди.

Шу кунларда яна бир маҳалла – Пахтакор туманидаги Олмазор маҳалласида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, ногиронлар, камбағал ва боқувчисини йўқотганлар учун 400 та ана шундай уйлар қурилмоқда.

Олтинкўлдаги тўқимачилик фабрикаси ҳам меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Бу ерда қишлоқ хотин-қизлари меҳнат қилмоқда. Улар бу ерда ишлаш орқали уй-жой учун имтиёзли кредитни қоплаш имконига эга бўлишмоқда. Меҳмонлар, шунингдек, фабрикада ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулотлар намуналари билан танишди, меҳнат шароити ва маҳсулот сифатини юқори баҳолади.

ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Жон МакГрегор Олтинкўлда гувоҳи бўлганлари мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли намунали ўзгаришлардан бири эканини таъкидлади.

– Республикада кам сонли миллат ва элатлар манфаатларини ҳимоя қилишга катта эътибор қаратилаётгани қувонарли. Бу одамлар эътиборни ҳис қилишлари муҳим. Шу тариқа уларнинг ўзига, ўз келажагига бўлган ишончи ортиб боради, фарзандлари ва набираларининг порлоқ келажагига умид уйғонади. Эътиборга молик жиҳат, маҳаллий аҳоли нафақат уй-жой билан, балки иш билан ҳам таъминланмоқда. Биз кўрган фабрикада 500 га яқин хотин-қиз меҳнат қилмоқда. Бу ерда кўрганларим мақтовга сазовор, – деди у.

Таъкидлаш жоиз, ?нсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси 2019 йил декабрь ойида Женевада бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ?рқий камситишларга барҳам бериш бўйича қўмитасининг 100-сессиясида иштирок этган ва мамлакатимизда ?рқий камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги Конвенция қоидаларининг бажарилиши тўғрисида ҳисобот тақдим қилган эди. Унда сўнгги уч йилда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва илгари суриш соҳасидаги туб ўзгаришлар тўғрисида маълумотлар келтирилган. Ўша кезларда Олтинкўл қишлоғида қурилиш ишлари қизғин давом этаётган эди. Бугунги кунда эса лўлилар бошқа миллат вакиллари билан бир қаторда шинам уйларга эга бўлди.

Олтинкўлда бўлган меҳмонлар мамлакатимиз раҳбарининг давлат сиёсати устувор йўналишлари, шунингдек, жамиятда ҳукм сураётган бағрикенглик ва тотувликни тўлиқ акс эттирувчи бундай саъй-ҳаракатларни давом эттириш аҳамияти ва зарурлиги тўғрисида якдил фикр билдирди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net