БМТ Бош Ассамблеяси раиси ташкилот хавфсизлик Кенгашини ислоҳ қилишнинг долзарблиги ҳақида гапирди

10.05.2021 10:36

ТОШКЕНТ, 10 май.  «Дунё» АА/.  БМТ Бош Ассамблеяси раиси Волкан Бозкир Хавфсизлик кенгашини ислоҳ қилишнинг долзарблиги ҳақида гапирди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири «БМТ янгиликлари» портали манбасига  таяниб.

У Хавфсизлик кенгаши аъзоларининг глобал хавфсизлик соҳасидаги халқаро ҳамкорликка бағишланган йиғилишида сўзга чиқиб, Хавфсизлик кенгаши фаолияти натижаларидан келиб чиққан ҳолда кўпинча БМТ фаолиятига баҳо берилишини таъкидлади.

«Кўп ҳолларда Хавфсизлик кенгаши юзага келадиган муаммоларни ҳал қила олмайди, - деди Волкан Бозкир. - Кўпинча Кенгаш аъзолари, хусусан, унинг доимий аъзолари ўртасидаги фарқлар бунга сабаб бўлади». Бош Ассамблея раиси муаммонинг ечимини Хавфсизлик кенгашини ислоҳ қилишда кўрмоқда. Унинг фикрича, шу йўл билан БМТ органининг фаолияти янада самарали ва шаффоф бўлади.

Видеоконференция форматида ўтказилган тадбирда Хитой ташқи ишлар вазири Ван ?, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва АҚШ Давлат котиби Антони Блинкен иштирок этди.

Ван ? глобал ҳамкорлик ва мулоқотнинг муҳим аҳамиятини таъкидлади. «Дунёга пандемиянинг  таъсири ва бир асрлик ўзгаришлар асосида биз ўзаро манфаатли ҳамкорликка қатъий амал қилишимиз керак», - деди у.

АҚШ Давлат котиби Антони Блинкен ўз нутқида миллатчиликнинг ўсиши ва мамлакатлар ўртасидаги рақобатнинг кескинлашувига эътибор қаратди. У, шунингдек, кўп томонлама ёндашувлар глобал  муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беради, деб ҳисоблайди. Давлат котиби пандемия ва иқлим ўзгариши каби масалалар борасида АҚШ барча давлатлар, жумладан, «АҚШ мухолифлари» билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини таъкидлади.

Шунингдек, вазир Сергей Лавров глобал муаммоларни ҳал қилишда кўп томонлама ёндашувни қўллаб-қувватлади. У мамлакатларни «БМТ Низомининг мақсад ва тамойилларига сўзсиз амал қилишга, давлатларнинг суверен тенглигини ҳурмат қилишни таъминлашга, уларнинг ички ишларига аралашмасликка, низоларни сиёсий ва дипломатик йўл билан ҳал этишга ҳамда таҳдид қилиш ёки куч ишлатишдан тийилишга чақирди».

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net