Бирлашган Араб Амирликларида ўзбек рассомларининг асарлари намойиш этилди

25.08.2021 16:34

ДУБАЙ, 25 август. /«Дунё» АА/. Мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида Бирлашган Араб Амирликларининг «Gulf Today»   газетасида «Andakulova Gallery» галареясида Ўзбекистон мустақиллик кунига бағишланган кўргазма ўтказилмоқда» сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар беради «Дунё» АА мухбири.

Ўзбекистоннинг Дубайдаги Бош консулхонаси кўмагида ташкил этилган ушбу кўргазмада Баҳодир Жалол ва Жавлон Умарбеков каби атоқли ўзбек рассомларининг сара асарлари намойиш этилмоқда.

Бутун дунё санъат ихлосмандлари ушбу кўргазмани илғор технологиялар ёрдамида онлайн тарзда, 3D форматда кўриш имконига эга бўлмоқда, деб ёзади нашр.

Мақолада таъкидланишича, кўп миллатли Ўзбекистон анъаналари рассомларнинг асарларида аниқ-равшан ўз аксини топган. 50 йилдан буён ижод қилиб келаётган Баҳодир Жалол Марказий Осиёдаги етакчи рассомлардан бири саналади.

Мақолада унинг деворий ранг-тасвир жанридаги асарлари янги маданий-бадиий ландшафтни шакллантириши қайд этилган. Унинг монументал уйғониш даврига оид асарлари замонавий Европа усталари, мексикалик рассомлар ва Самарқанддаги қадимий Афросиёб саройи деворларида ишланган суратлардан илҳомланиб яратилган. Баҳодир Жалол, шунингдек,  мамлакатдаги театрлар ва давлат муассасалари бинолари учун девор суратларини ҳам чизган. Унинг ижод намуналари Ўзбекистон ва Европа бўйлаб кенг тарқалган.

“Жавлон Умарбеков ўз мамлакатидаги замонавий санъатнинг асосий намояндаларидан бири ҳисобланади, - дея таъкидлайди газета. - Унинг асарлари ўзбек халқининг бой маданий-тарихий анъаналарига асосланган бўлиб, улар рассом асарларида ўз аксини муфассал топган. У Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Украина бадиий академиялари аъзоси,  шу билан бирга, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий санъат ва дизайн институтининг профессори ҳисобланади”.

“Рассом ўзбек халқи бой меросининг ўзига хос талқинини тарғиб этиш орқали Ғарб ва Шарқ маданиятлари ўртасида эркин мулоқотга чақиради. Буларнинг барчасида ижодий эркинлик ва янгилик руҳи кўзга ташланади”, деб ёзади “Gulf Today”.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net