Бельгия медиа-компанияси Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятига бағишланган ҳужжатли фильмлар суратга олади

27.08.2021 16:35

БРЮССЕЛЬ, 27 август. /«Дунё» АА/. Бельгиянинг «Eccholine»  медиа-компанияси делагацияси жорий йил 2-16 сентябрь кунлари Ўзбекистонда бўлади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

«Eccholine» 2011 йилда Антверпен шаҳрида ташкил этилган. Компания Европа ва жаҳоннинг энг машҳур телеканаллари учун ҳужжатли кўрсатувлар, фильмлар ва репортажлар тайёрлашга ихтисослашган. Бугунги кунда унинг Амстердам, Мадрид ва Бангкок шаҳарларида ваколатхоналари мавжуд. Шу кунга қадар «Eccholine» томонидан  дунёнинг элликдан ортиқ мамлакати ҳақида ҳужжатли фильмлар суратга олинган.

Мамлакатимизнинг Бельгиядаги элчихонасидан маълум қилишларича, «Eccholine» вакиллари сафар давомида Ўзбекистон туризм салоҳиятини жаҳон ҳамжамиятига кенг намоён қиладиган ҳужжатли ва телемаҳсулотлар тайёрлаш устида иш олиб боради.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Самарқанд, Фарғона, Наманган, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида  жаҳон стандартлари асосида Ўзбекистон туризм салоҳиятини намоён этувчи видеороликлар, тарихий шаҳарларимиз, миллий байрамларимиз, урф-одатларимиз ҳақидаги ҳужжатли кўрсатувлар суратга олиниши режалаштирилмоқда.

Медиа-маҳсулотлар «TV5Monde», «M6», «RTL», «Net5», «Tvn», «Ntvnorge», «2M Maroc», «Quatr», «Antena3», «Rai 2», «TV5Quebec Canada» ва бошқа ўндан ортиқ телеканал орқали Европа ҳамда дунёнинг бошқа мамлакатларида намойиш этилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net