Азиз Абдуҳакимов Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши йиғилишида янги ташаббусларни илгари сурди

24.06.2020 16:57

ТОШКЕНТ, 24 июнь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов 23 июнь куни видеоконференция шаклида ўтган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (ТТДҲК) Туризм вазирларининг V йиғилишида иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Туризм вазирларининг онлайн учрашувида ТТДҲК Бош котиби Бағдат Амреев, Туркия маданият ва туризм вазири Меҳмет Эрсой, Озарбойжон Туризм агентлиги раиси Фуат Нагиев ҳамда ТТДҲК аъзо давлатларнинг туризм ташкилотлари раҳбарлари қатнашди.

?штирокчилар ҳозирги COVID-19 пандемияси шароитида туризм соҳасининг бугунги ҳолати, мамлакатларининг туризм секторини жонлантиришга доир тажрибаси, Туркий кенгашга аъзо давлатлар ўртасида сайёҳлик алмашинувини тиклашга оид чора-тадбирлар ҳамда сайёҳлик йўналишларини илгари суришга қаратилган турли лойиҳа ва ташаббусларни муҳокама қилди.

 Азиз Абдуҳакимов конференция давомида иштирокчиларга Ўзбекистонда туризм соҳасини қўллаб-қувватловчи чора-тадбирлар ва дастурлар ҳақида сўзлаб берди, жумладан, уларни Президентнинг жорий йил 28 майдаги «Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ва «Туризм соҳасини санитария-эпидемиологик хавфсизликнинг кучайтирилган режими талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан батафсил таништирди.

 Бош вазир ўринбосари йиғилиш давомида Ўзбекистонда Хавфсиз туризм фондининг яратилиши ҳамда «Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED» санитар-эпидемиологик хавфсизлик тизимининг ишлаш механизмлари, жумладан, тадбиркорлик субъектлари – тизим иштирокчиларига ўзларининг туристик инфратузилма объектларида бепул дезинфекция ишларини ўтказиш имкони, сайёҳ коронавирус билан касалланган тақдирда 3 минг доллар миқдорида компенсация олиши шартлари ҳақида батафсил маълумот берди.

Юқорида қайд этилган замонавий тизимни яратишда Ғарбда Авиценна номи билан машҳур ватандошимиз, буюк аллома Абу Али ибн Синонинг илмий меросидан фойдаланишга оид далиллар учрашув иштирокчиларида алоҳида қизиқиш уйғотди. Азиз Абдуҳакимов айнан ?бн Сино минг йиллар аввал эпидемиология ва карантин режимига асос солганини таъкидлади.

Абу Али ибн Сино сайёҳлар учун «Сайёҳлар учун тадбирлар» (“Фи тадбир ал-мусофирин”) номли илмий асосланган услубий қўлланмани ишлаб чиққан бўлиб, у бугунги кунда туризм бозорининг барча иштирокчилари учун сайёҳларни жалб қилиш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлашда тобора долзарб ва фойдали бўлиб бормоқда.

Азиз Абдуҳакимов, шунингдек, иштирокчиларни 1 июндан ички туризмни йўлга қўйиш мақсадида «яшил» ва «сариқ» ҳудудларнинг очилиши ҳамда 15 июндан касаллик даражаси турлича бўлган мамлакатлар учун вазиятдан келиб чиқиб, «яшил», «сариқ» ва «қизил» рейсларга ажратган ҳолда  авиақатновларнинг тикланишидан хабардор қилди.

Тадбир иштирокчилари туризм соҳасини тезкор тиклашга доир чоралар ҳамда соҳани ривожлантиришда қўлланаётган янги ёндашувлар, хусусан, «Uzbekistan. Safe travel guaranteed» санитар-эпидемиологик хавфсизлик тизими ҳамда Андижон, Бухоро ва Урганч аэропортларида «Очиқ осмон» режимининг кенгайтирилиши, республика бўйича турли туристик зоналарнинг ривожланиш механизмларини юқори баҳолашди.

Таъкидлаш жоиз, 2019 йилда ташриф буюрган жами 6,7 миллион  сайёҳнинг 52 фоизи (яъни 3,8 миллион киши) Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши аъзо давлатлар улушига тўғри келади.

Шундан келиб чиқиб, Бош вазир ўринбосари барча иштирокчилар билан ҳамкорликда амалга ошириш керак бўлган қатор ташаббусларни илгари сурди. 

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net