Ашита Митал Светлана Ортиқова билан Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар бўйича суҳбатлашди

19.02.2021 14:03

ТОШКЕНТ, 19 февраль. /«Дунё» АА/.  Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолияти билан танишаётган БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бошқармасининг Марказий Осиё бўйича Минтақавий ваколатхонаси раҳбари Ашита Митталнинг навбатдаги манзили Ўзбекистон Бош прокуратураси бўлди, деб хабар бермоқда «Дунё»АА мухбири.

Кеча А.Миттал Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова билан суҳбатлашди. Мулоқот давомида томонлар  одам савдоси ва трансмиллий уюшган жиноятчиликнинг бошқа турларига қарши курашиш соҳаларидаги ҳамкорлик алоқаларининг бугунги кундаги ҳолати ҳамда уни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича фикр алмашди.

Хусусан, Ўзбекистон Бош прокуратураси билан БМТ ўртасидаги англашув Меморандуми доирасида ҳамкорлик алоқаларини янада жадаллаштириш  зарурлиги қайд этилди.

Ўз навбатида 2021-2022 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси — «йўл харитаси» ишлаб чиқиш таклифи билдирилди.

Суҳбатда меҳмонларга юртимизда одам савдосига қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар, хусусан, прокуратура органларининг ушбу йўналишдаги фаолияти ҳақида қисқача тушунтиришлар берилди.

БМТ вакили бўлиб ўтган мулоқот ҳуқуқий соҳада ўзаро алоқаларнинг ривожланиши ва мустаҳкамланишида янги туртки бўлишига ишонч билдирди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net