АҚШда «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» тақдимоти виртуал алоқа шаклида ўтказилди

24.09.2020 16:38

НЬЮ-ЙОРК, 24 сентябрь. /“Дунё” АА/.  Ўзбекистон Республикасининг Нью-Йорк шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан Нью-Йорк шаҳрида жойлашган «Mahalla USA» диаспорал жамиятида Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 29 йиллигига бағишланган тантанали маросим доирасида ушбу жамият қошидаги ўзбек тили ва бошқа фанларни ўргатишга ихтисослашган мактабга беш жилдли «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» тақдим қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Жамият раҳбари Абдумалик Аҳмедов ва унинг ўринбосари Дилшод Зокиров Ўзбекистон раҳбарияти томонидан хорижда истиқомат қилаётган ватандошларга кўрсатилаётган эътиборни юқори баҳолади.

Тадбирда жамият қошидаги мактабда «Одобнома» дарси доирасида «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»дан ўрин олган мумтоз жумлаларни ўқувчиларга ўргатишга келишилди.

Бундан ташқари, ?ллинойс штатининг Чикаго шаҳрида жойлашган «Чикагодаги Ўзбекистон-Америка ассоциацияси» диаспорал жамияти қошидаги ўзбек тилини ўрганиш мактабига ҳам “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” совға қилинди.

Жамият раҳбари Олим Шарипов мазкур энциклопедик луғат нафақат жамият қошида таҳсил олаётган ўқувчилар, балки катталар учун ҳам фойдали эканини қайд этди.

“Ўзбек тилининг изоҳли луғати”нинг тақдимоти Пенсильвания штатининг Питтсбург шаҳрида жойлашган «Питтсбургдаги ўзбеклар жамияти» диаспорал жамиятида Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 29 йиллигига бағишлаган тантанали маросим доирасида, ушбу жамият қошидаги ўзбек тили ва бошқа фанларни ўргатишга ихтисослашган мактабда ҳам ўтказилди.

Жамият раҳбари Баҳодир Содиқов юртдошларимиз Ватандан йироқда бўлишига қарамасдан, маънавий озуқа олиш имконияти яратилганидан мамнунлигини изҳор этди.

Бош консулхона, шунингдек, энциклопедик луғатларнинг электрон нусхалари ҳам жамиятга тақдим қилди.

Мамлакатдаги эпидемиологик вазият сабабли давлат санитар идораларининг ижтимоий фаолиятларни чекловчи қатъий карантин чораларини жорий қилгани муносабати билан барча тадбирлар Бош консулхона томонидан виртуал алоқа шаклида ташкиллаштирилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net