АҚШ ?шбилармон аёллар ташкилотлари уюшмаси раҳбари билан учрашув

20.10.2020 13:50

ТОШКЕНТ, 20 октябрь. /“Дунё” АА/. Душанба куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоеванинг АҚШ ?шбилармон аёллар ташкилотлари уюшмаси раҳбари Эди Фрейзер билан видеоконференцалоқа шаклида учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири парламент юқори палатаси маълумотига таяниб.

Суҳбат давомида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва хотин-қизларнинг жамият тараққиётидаги ролини оширишга қаратилган ишларни ҳамкорликда амалга ошириш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди.

АҚШ ?шбилармон аёллар ташкилотлари уюшмаси (WBC) бизнес билан шуғулланишда ва тадбиркорликни ривожлантиришда хотин-қизларни қўллаб-қувватловчи нуфузли ташкилотдир. У хотин-қизларни йирик корхоналарда раҳбарлик лавозимларига тайинлашга, тадбиркорликни ривожлантиришда улар учун зарур шарт-шароит яратиш ва капитал тақдим этишга кўмаклашадиган ташаббус ва дастурларда иштирок этадиган АҚШнинг 39 та энг йирик ишбилармон аёллар ташкилотини бирлаштиради.

Учрашув давомида АҚШ томонига мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида маълумот берилди. Хусусан, камбағалликни қисқартириш, “аёллар дафтари”ни жорий этиш орқали уларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал қилиш, аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш учун фондлар ташкил этиш ва имтиёзли кредитлар тақдим этиш бўйича Ўзбекистонда кўрилаётган чора-тадбирларга эътибор қаратилди.

Ўз навбатида, Эди Фрейзер Ўзбекистонда аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, хусусан уларни давлат бошқаруви соҳасида етакчи лавозимларга кўтаришда давлат томонидан олиб борилаётган сиёсатни юқори баҳолади. “Ўзбекистон бошқалар учун намуна бўладиган ривожланаётган мамлакатнинг ёрқин мисолидир”, деди WBC раиси.

АҚШ ?шбилармон аёллар ташкилотлари уюшмаси раҳбари мамлакатимизда қабул қилинган гендер тенгликни таъминлашга қаратилган қонунларнинг аҳамиятини алоҳида қайд этди. Шунингдек, у Ўзбекистон парламентининг янги таркибида аёллар сонига урғу бериб, Олий Мажлис Сенатида аёллар сони 23 фоизни, Қонунчилик палатасида 32 фоизни ташкил этишини юқори баҳолади ва бу хотин-қизлар сиёсий фаоллигини оширишда муҳим ютуқ эканлигини таъкидлади.

Учрашув давомида хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш, айниқса аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича аниқ лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида ҳамкорликни давом эттириш тўғрисида келишувга эришилди.

Шунингдек, гендер тенгликни таъминлашнинг долзарб масалалари бўйича мулоқот ўрнатиш ва уни мустаҳкамлаш мақсадида мамлакатлар делегацияларининг ўзаро ташрифларини ташкил этиш бўйича фикр алмашилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net