Анвар Тожибоев: Ўзбекистон - Ҳиндистон маданий алоқалар ҳафталиги ўтказилади

03.12.2020 17:29

ТОШКЕНТ, 30 ноябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги маданий-маърифий алоқаларни янада ривожлантириш мақсадида «Ўзбекконцерт» давлат муассасида Лаъл Баҳодур Шастри номидаги ҳинд маданият маркази билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда.

Таъкидлаш керакки, Ҳиндистон маданияти, хусусан санъатини халқимиз жуда  қадрлайди. ?кки халқ ўртасидаги кўп асрлик маънавий-маданий алоқалар ўзбек-ҳинд маданий муносабатларига янгича суръат бағишламоқда.

«Ўзбекконцерт»да Ҳинд маданият маркази директори Чандер Шекхар билан ўтказилган учрашувда ҳам ўзаро ҳамкорликнинг қатор йўналишлари муҳокама қилинди.

«Дунё» АА мухбири «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси директори вазифасини вақтинча бажарувчи Анвар Тожибоевдан мазкур учрашувда эришилган натижалар ва истиқболдаги режалар хусусида сўзлаб беришни сўради.

— Ўзбекистон ва Ҳиндистон маданияти ва санъати азалдан икки халқни яқинлаштиришга хизмат қилиб келмоқда. Ҳинд санъати анъаналари ва руҳи  бизга жуда яқин. Шу боис Ҳиндистон билан маданий алоқаларимиз кун сайин ривожланиб бормоқда. Жумладан, ҳар икки мамлакатда ўтказиладиган халқаро фестивалларда ўзбек ва ҳинд санъаткорларини иштироки  ортиб бораяпти. ?жодий фестивалларда халқимизнинг миллий санъатини тарғиб этишга ҳаракат қилаяпмиз. Ўз навбатида, ҳинд санъат усталари малакатимизда ўтказилаётган халқаро фестивалларда меҳмон бўлмоқда.

 Албатта, ҳамкорлик доирасини янада кенгайтириш учун доимо имконият кўп. Ҳинд маданият маркази директори Чандер Шекхар билан ана шу мавзуда маслаҳатлашиб олдик. Ўзаро таклифлар ва режаларимизни муҳокама қилдик.

Жумладан, 2021 йил январь ойида миллий эстрада қўшиқчилиги бўйича Ўзбекистон - Ҳиндистон маданий алоқалар ҳафталигини ўтказишга келишиб олдик. Онлайн тарзда бўлиб ўтадиган ушбу ҳафталик доирасида ўзбек ва ҳинд санъати вакиллари жонли ижрода концерт дастурларини тақдим этади. Шунингдек, рақс, мусиқа, вокал йўналишларининг маҳоратли ижрочилари билан тажриба алмашиш мақадида конференция ўтказилади. 

Мулоқот давомида Чандер Шекхар рубоб чалиш бўйича дунёдаги энг таниқли мусиқачиларидан бири Амжат Алихон иштирокида Ўзбекистонда учрашув ва маҳорат дарслари ўтказиш таклифини билдирди. Биз буни мамнуният билан қабул қилдик. Ушбу таклиф мамлакатимиздаги ёш ижодкорларнинг маҳоратини оширишга хизмат қилади, деб ўйлайман.  Ушбу онлайн маҳорат дарсларини ҳам келгуси йил январь ойидан бошлашни режалаштирмоқдамиз. 

Миллий чолғу-асбоблари ижрочилари маҳоратини ошириш учун  давлат консерваторияси ва мусиқага ихтисослаштирилган мактабларга ҳинд мутахассисларини таклиф этиш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди. Шунингдек,  ҳинд миллий мусиқа асбоблари, ситор ва бошқа анъанавий чолғуларни ўрганаётганлар учун ҳам Ҳиндистондан уста-мураббийлар жалб этилади.

Ҳиндистон томони таклифига кўра, ўзбек миллий чолғу-асбобларида ижро этиш усулларини ҳинд ёшлари ўртасида тарғиб этиш мақсадида малакали устозларимиз иштирокида Ҳиндистонда ҳам маҳорат дарслари ва  ижодий учрашувлар йўлга қўйилади.

Шунингдек, икки мамлакат анъанавий ва замонавий вокал санъати ютуқлари бўйича ҳамкорлик қилиш ва тажриба алмашиш бўйича ҳам келишувга эришилди.

Ўзбек миллий рақс санъатининг жозибаси Ҳиндистонда ҳам машҳур. Миллий рақсларимиз тарғиботини янада кучайтириш мақсадида рақс усталарининг бир ойдан бир йилгача бўлган муддатга тажриба алмашинув курсларини  ҳам ташкил қилиш ниятидамиз.

Бундан ташқари, ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари учун ҳинд рақсларининг анъанавий услубларини ўрганиш имконияти яратилади.

Карантин талаблари юмшатилгандан сўнг Ўзбекистон ва Ҳиндистонда ўтказиладиган анъанавий мусиқа фестивалларида санъаткорларнинг ўзаро иштироки янада фаоллаштирилади.

"Дунё" АА мухбири

Сардор Мирзаев ёзиб олди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net