Америка ва Канада туроператорлари Ўзбекистонга саёҳатлар тикланишини кутмоқда

03.07.2020 15:12

ТОШКЕНТ, 3 июль./«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Улуғбек Аъзамов АҚШ ва Канададаги сайёҳлик агентликлари учун ташкил этилган онлайн брифингда иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тадбирни Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов мувофиқлаштириб борди. Брифингда АҚШ ва Канаданинг Ўзбекистон ҳамда Марказий Осиё мамлакатларига саёҳатлар ташкил қилишга ихтисослашган етакчи сайёҳлик компаниялари раҳбарлари, шунингдек, маданий-гуманитар доира вакиллари ва журналистлар иштирок этди. 

Тадбир аввалида иштирокчиларга мамлакатдаги пандемия ҳолати ва эпидемиологик вазиятни яхшилаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, шунингдек, ҳукуматнинг чет эллик сайёҳларни қабул қилиш учун зарур бўлган инфратузилмани тўлиқ тайёрлашга оид фаолияти тўғрисида маълумот берилди.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раҳбарияти томонидан пандемия шароитида халқаро туризмни рағбатлантириш йўлида амалга оширилаётган ишлар, АҚШ ва Канададан сайёҳлар оқимини қайта тиклаш истиқболлари, хорижий сайёҳлик агентликлари ва туристларга қўйиладиган талаблар, тавсиялар ҳақида фикр алмашилди. Соҳада тадбиркорлик субъектларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Бунда меҳмонхона, сайёҳлик компаниялари, маҳаллий ва хорижий сайёҳларга хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи тармоқлар фаолиятини ташкил қилишга кўмаклашиш мақсад қилинган.

Улуғбек Аъзамов брифинг иштирокчиларига жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб мамлакатнинг «яшил» ва «сариқ» минтақалари ички туризм учун очилганини эслатиб ўтди. Шунингдек, хорижий мамлакатлардаги коронавирус билан боғлиқ вазиятдан келиб чиқиб, хавф даражаси бўйича «яшил», «сариқ» ва «қизил» тоифаларга ажратилган ҳолда халқаро рейсларни қайта тиклаш ишлари олиб борилмоқда.

АҚШ ва Канада туризм соҳаси вакиллари мамлакатимизда соҳани қўллаб-қувватлашга доир кўрилаётган чора-тадбирларга катта қизиқиш билдирди, туризм соҳасини тиклашни жадаллаштириш ва уни ривожлантириш бўйича қабул қилинган чора-тадбирлар, туризм бизнеси учун берилган имтиёзлар, преференциялар, Андижон, Бухоро ва Урганч аэропортларида “Очиқ осмон” режимини кенгайтириш, шунингдек, туризм инфратузилмасини ривожлантиришни рағбатлантириш ишларига юқори баҳо берди.

Дунё стандартлари асосида ишлаб чиқилган  “Uzbekistan. Safe travel Guaranteed” сайёҳлар учун янги санитария-эпидемиологик хавфсизлик тизими лойиҳаси видеоконференция иштирокчиларида алоҳида қизиқиш уйғотди. Ўзбекистонда сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш учун барча сайёҳлик объектларида санитария-гигиена меъёрларининг ягона талаблари жорий этилгани таъкидланди.

Ўзбекистоннинг АҚШдаги фахрий консули Керол Лопез ижтимоий тармоқларда Ўзбекистоннинг тарихий-маданий мероси ҳақидаги ёзишма ва муносабатларнинг сезиларли даражада кўпайганига эътибор қаратди.

Ўз навбатида, Улуғбек Аъзамов мамлакатимизда миллий брендни оммалаштириш мақсадида маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари ҳамда блогерлар учун қатор мақсадли тадбирлар амалга оширилаётгани, бу эса ижтимоий тармоқлар ва халқаро ҳамжамият ўртасида Ўзбекистон тўғрисидаги фикрларнинг кўпайишига туртки берганини таъкидлади. Бундан ташқари, рақамли медиа оламининг ривожланиши ва сўнгги 3 йилда мамлакатимизга ташриф буюрган чет эллик сайёҳлар сонининг кўпайиши ҳам интернет тармоқларида ўзбек контентининг фаоллашувига сабаб бўлди. 

АҚШ маданий-гуманитар доиралари вакиллари Ўзбекистон-Америка дўстлик жамоаларини мустаҳкамлашга тайёр эканликларини билдирди. Сиэтлдаги ўзбек диаспораси фаоли Фазлиддин Шамсиев Тошкент билан дўстлик алоқаларини кенгайтириш учун барча имкониятларини сафарбар қилиши ва маҳаллий туроператорларни Ўзбекистондаги янги имкониятлардан хабардор қилишга тайёр эканини қайд этди.

“San Diego Metro” журнали муҳаррири Мартин Круминг Сан-Диего шаҳри вакиллари ва Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларидан бири ўртасида дўстлик ҳамжамиятини яратишга қизиқиш билдирди. Унинг фикрича, бундай иттифоқ Америка шаҳрида ўзбек брендини мустаҳкамлашга ва Ўзбекистонга саёҳат қилувчи америкаликлар сонини оширишга ёрдам беради.

Тадбир якунида Америка қитъасидан Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини тиклаш, эпидемиологик вазият барқарорлашиши билан АҚШ ва Канада сайёҳлик компаниялари учун мамлакатимизнинг туристик имкониятларини ўрганиш учун сафар ташкил этиш, таклиф этилаётган сайёҳлик йўналишлари кўламини кенгайтириш мақсадида мунтазам музокаралар олиб боришга келишиб олинди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net