Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги арафасида АҚШнинг Вайоминг университети қошида ўзбек тили дўстлари клуби ташкил этилди

07.02.2021 16:59

ВАШ?НГТОН, 7 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси кўмагида мазкур мамлакатнинг илғор олий таълим масканларидан бири Вайоминг университети қошида Ўзбек тили дўстлари клуби ташкил этилиб, унинг илк йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мазкур клубнинг асосий мақсади ўзбек тили, маданияти ва тарихи ҳақидаги билимини ошириш истагида бўлганларга таълим беришга қаратилган. Эътиборлиси, Вайоминг штати губернатори Марк Гордон илк бор 2021 йил февраль ойини жаҳон тиллари ва маданиятлари ойлиги, деб эълон қилди.

Университет штатдаги энг йирик олий билим юрти бўлиб, 1886 йилда ташкил топган. Бугунги кунда ўз таркибида қишлоқ хўжалиги ва табиий ресурслар, санъат ва илм-фан, бизнес, таълим, муҳандислик ва амалий фанлар, соғлиқни сақлаш фанлари ва ҳуқуққа ихтисослашган еттита коллеж (олий таълим муассасалари)ни бирлаштирган. Талабаларга 120 дан ортиқ бакалавриат, магистратура, докторантура ва мутахассислик дастурлари таклиф этилмоқда.

Ўзбек тили дўстлари клуби ташкилотчиси - Вайоминг университетида ўқиб, PhD илмий даражасини ҳимоя қилган ва мазкур олий ўқув юртида меҳнат фаолиятини бошлаган Дилноза Ҳосилова ўқувчиларга ўзбек тили, маданияти ва тарихи ҳақида ҳафтанинг ҳар шанба кунида таълим беришни йўлга қўйди.

Клуб иштирокчиларини Ўзбекистонга бўлган катта қизиқиш бирлаштирмоқда. Улардан баъзилари мамлакатимизга ташриф буюрган бўлиб, биринчи машғулотдаёқ ўзларининг саёҳатлари даврида олган таассуротлари билан ўртоқлашди ва клубнинг бошқа аъзоларини ҳам мамлакатимизга боришга ундади. Масалан, Раян Швaйтзер давлатимизга саёҳати даврида энг ёққан тарафларидан бири деб ўзбек таомлари, хусусан, паловни атади. Унинг таъкидлашича, чойхона ошини барча чет эллик туристлар, албатта, татиб кўриши керак.

Бундан ташқари, дарс давомида Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини ўрганишга алоҳида эътибор берилди. Асли озарбайжонлик бўлган ва ҳозирда АҚШнинг Виржиния штатида таҳсил олаётган бўлган Гунай Ахунзода шоир ғазалларини ўқишда ўз маҳоратини намойиш этди. Унга қўшилган Тим Гундерсон ҳам Алишер Навоий ғазалларидан бирини илк бор ўқиб берди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net