Абай Қўнонбоев юбилейига муносиб туҳфа

11.08.2020 11:20

ТОШКЕНТ, 11 август. /«Дунё» АА/. Қозоқ мумтоз адабиётининг асосчиси Абай Қўнонбоевнинг 175 йиллиги кенг нишонланмоқда. Ушбу  сана муносабати билан Наманган давлат университети профессори Қодиржон Носировнинг «Мудрое слово Абая» («Абайнинг доно сўзи») номли китоби чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири ЎзА манбасига асосланиб.

Китоб Тошкентдаги “Donishmand ziyosi” нашриёти томонидан чоп этилди. Ушбу нашр Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда “?жод” жамоатчилик жамғармаси ҳомийлигида амалга оширилди.

Мутафаккир шоирнинг ижоди нафақат қозоқ халқининг, балки бутун Марказий Осиё халқларининг тарихида ёрқин саҳифадир. Ўзбек китобхонлари унинг асарларини азалдан севиб ўқишади.

Президентимизнинг 2018 йил 13 мартдаги «Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида»ги қарори халқимизнинг қардош қозоқ халқи адабиёти, буюк адибига бўлган эҳтиромнинг ёрқин намунаси бўлди.

Мазкур қарор адабий жамоатчилик, адабиётшунос олимларнинг Абай ижодини ўрганиш бўйича изланишларида янги саҳифалар очилишида муҳим омил.

Таъкидлаш керак, Қ.Носиров аввал ҳам Абай ижоди ҳақида бир неча мақола ва ўқув-услубий қўлланмалар эълон қилган эди. Адабиётшунос олим «Мудрое слово Абая» да мавжуд манбаларга асосланган ҳолда, буюк адибнинг қозоқ адабиёти ва маданияти тарихида тутган ўрни, унинг адабий меросининг ғоявий, эстетик қиймати, ўзига хослиги масалалари устида фикр юритган.

Чунончи, Қ.Носиров Абайнинг лирикаси, достонлари ва катта фалсафий-ахлоқий аҳамиятга эга бўлган «Ҳикматлар»ини таҳлил қилар экан, мазкур уч бадиий турга оид асарлар аслида ғоявий яхлит, монументал бадиий қийматга эга бўлган ижод эканлигини айтади. Эпос ва ҳикматлар ватанпарварлик руҳидаги лирикада кўтарилган ғояларни янада ёрқинроқ, чуқурлаштириб очиб бераётганлигига урғу беради. 

Шу билан бирга, Абай Шарқ достончилик анъаналарини ҳам маълум даражада янгилаганини таъкидлайди тадқиқотчи. Айни пайтда олим шоир лирикасида кўтарилган меҳр-муҳаббат, инсонийлик, бурч, жоҳиллик, очкўзлик, молпарастлик каби тушунчалар поэма ва насиҳатларда чуқурлашиб, ёрқинлашиб боришини кўрсатиб берган. Таҳлил қилинган асарлардан чиқарилган хулосалар янгилиги билан эътиборга лойиқ. Абайнинг чет тилларни ва она тилини ўзлаштиришга доир фикрларида ҳам бугунги кунда долзарб бўлиб қолаётган қирралари очиб берилган.

Қ.Носиров китобининг яна бир эътиборли жиҳати шундаки, муаллиф қозоқ адабиёти ва маданияти ривожида Абайнинг таржимонлик фаолиятининг роли хусусида оз бўлса-да, лекин таъсирли фикр билдирган. Шу билан бирга, муайян мисоллар билан Абай асарларини рус ва ўзбек тилларига таржималарида учрайдиган номуносибликлар ҳақида ишонарли хулосалар қилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net