12 июндан бошлаб «Ар-Риёд–Тошкент–Ар-Риёд» йўналиши бўйича ҳафтасига уч марта мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда

13.05.2021 14:15

АР-Р?ЁД, 13 май. /«Дунё» АА/. Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида Ўзбекистоннинг мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамда Саудия Арабистонининг  «Flynas» авиакомпанияси ва «Seera» туристик агентлиги вакиллари ўртасида видеоконференция шаклидаги мулоқот ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

 Видеоконференцияда Саудия Арабистони Подшоҳлиги делегациясининг жорий йил январь ойида мамлакатимизга ташрифи доирасида Бухоро шаҳрида ўтказилган бизнес-форумда «Uzbekistan airways» АЖ ва Саудиянинг «Flynas» авиакомпанияси ўртасида туризмни ривожлантириш тўғрисида имзоланган Англашув меморандумида белгиланган вазифаларнинг амалий натижалари хусусида фикр алмашилди. Шунингдек, Саудия Арабистонида Ўзбекистон туризм салоҳиятини кенг тарғиб этиш орқали саудияликларнинг мамлакатимизга саёҳатларини уюштириш истиқболлари муҳокама қилинди.

 «Flynas» авиакомпанияси вакиллари жорий йил 12 июндан бошлаб «Ар-Риёд–Тошкент–Ар-Риёд» йўналиши бўйича ҳафтасига уч марта мунтазам  авиақатновлар амалга оширишни режалаштирганини маълум қилди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, 2020 йилда бошланган коронавирус пандемияси туфайли Подшоҳлик ўз фуқароларини хорижга чиқиши бўйича вақтинча чекловлар ўрнатган эди. Айни пайтда Саудия Арабистони ҳукумати ўз фуқароларига коронавирус билан боғлиқ вазият яхшиланган давлатларга жорий йил 17 майдан бошлаб сафар қилишга рухсат берди.

«Seera» сайёҳлик компанияси саудияликларни Ўзбекистонга сафар қилиши учун турли тур-пакетларни таклиф қилмоқда. Компания вакиллари ушбу йўналишда Ўзбекистон туристик агентликлари билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишдан манфаатдорлигини таъкидлади.

 Видеоконференция якунлари бўйича томонлар  «Flynas» парвозлари мунтазамлигини ҳисобга олиб, сайёҳлар оқимини кўпайтириш,  Ўзбекистоннинг йирик туристик компания ва агентликлари вакилларини Саудия Арабистонига юбориш, мамлакатимиз туризм салоҳиятига бағишланган тақдимотлар ўтказиш каби қатор масалалар бўйича келишувга эришилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net