Қозоғистоннинг Жамбул вилояти содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида жабрланганлар Ўзбекистонга олиб келинди

14.05.2022 11:44

ТОШКЕНТ, 14 май. /«Дунё» АА/. Қозоғистоннинг Жамбул вилояти Жуалин туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида жабрланганлар Ўзбекистонга олиб келинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ўзбекистон Президентининг тезкор топшириғига асосан ҳукумат қарори билан фавқулодда вазиятлар вазирининг ўринбосари Азизбек Латифжонов бошчилигида ташкил этилган ишчи гуруҳ кеча, 13 май куни соат 18:05 да Жуалин туманининг марказий шифохонасига етиб бориб, Қозоғистоннинг масъул идоралари раҳбарлари билан учрашди ва ҳамкорлик асосида ташкилий ва амалий ҳаракатлар олиб борилди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, мамлакатимиз вакиллари кеча соат 23:40 да Жуалин туман марказий шифохонасидан йўлга чиқиб, 14 май куни соат 04:55 да Ўзбекистон ва Қозоғистон чегараси «Ғишткўприк» божхона масканига етиб келган.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Қозоғистон масъуллари юзага келган мазкур бахтсиз ҳодиса оқибатларини зудлик билан бартараф этиш, жароҳатланганларга тез тиббий ёрдам кўрсатишда яқиндан кўмак берди.

Бахтсиз воқеа оқибатида вафот этган 2 нафар фуқаронинг жасадлари Фавқулодда вазиятлар, ?чки ишлар, Ташқи ишлар, Соғлиқни сақлаш ва Транспорт вазирликлари ҳамкорлигида уларнинг яшаш манзиллари – Бухоро ва Хоразм вилоятларига юборилди.

Ҳозирда маҳаллий ҳокимликлар томонидан маросим тадбирларини ўтказиш юзасидан тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Бугун, 14 май куни бахтсиз ҳодиса оқибатида яна бир фуқаро вафот этди. Айни пайтда марҳумни олиб келиш юзасидан зарур чоралар кўрилмоқда.

Олиб келинган 23 нафар фуқародан 18 нафар жароҳатланганлар Республика шошилинч тез ёрдам илмий марказига жойлаштирилди, 5 нафар фуқаронинг аҳволи яхши бўлгани учун уйига жавоб берилди.

Ҳозирги вақтда марказга жойлаштирилган фуқароларнинг аҳволи шифокорларнинг қатъий назоратига олиниб, тегишли муолажалар ўтказилмоқда.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net