Халқаро истеъмолчилар жамияти конфедерацияси раиси: Туризмни ривожлантириш орқали истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш асосий вазифам

26.11.2021 15:34

ТОШКЕНТ, 26 ноябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ташаббуси билан туризм соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мавзусига бағишлаб Хива ва Урганч шаҳарларида ўтказилган «Sayyoh – 2021» халқаро форуми якунланди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ушбу нуфузли анжуманни ташкил этишдан мақсад мамлакатимизнинг туризм салоҳияти ва жозибадорлигини кенг тарғиб қилиш, туризм соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштирилиш, тармоқни ривожлантиришга қаратилган халқаро меъёр ва стандартларни имплементация қилиниши, туризм соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида соҳа ривожига тўсқинлик қилаётган муаммоларни тизимли таҳлил қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишдан иборат бўлди.

Форумда «Халқаро туристик ҳуқуқ ва туризм соҳасида истеъмолчиларнинг трансчегаравий мурожаатлари», «Таълим ва тиббий туризмда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни яхшилаш вазифалари», «Электрон туризм соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш: халқаро тавсиялар ва мамлакатлар тажрибаси» ва бошқа мавзулар муҳокама қилинди.

Бунда, асосан, туризм соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда юзага келаётган муаммолар, уларни бартараф этиш, чет эллик сайёҳ (истеъмолчи)ларнинг мурожаатларига ўз вақтида сифатли хизмат кўрсатиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда илғор халқаро тажрибани жорий қилиш, электрон туризм соҳасида истеъмолчилар томонидан юборилган мурожаатларни халқаро тажрибалар асосида кўриб чиқиш масалаларига эътибор қаратилди.

Маърузачилар, шунингдек, хорижий мамлакатлар ва Ўзбекистонда соҳада қилинаётган ишлар ва истиқболдаги вазифалар оид фикрларини ҳам тақдим қилди.

Таъкидлаш жоизки, хорижий мамлакатларнинг тажрибаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда туризм соҳасида ҳам муҳим ўрин тутади. Дунёнинг кўплаб мамлакатлари каби Ўзбекистонда ҳам сайёҳ-истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг янгича шаклларини яратишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Федерация ташаббуси билан «?стеъмолчилар уйи», «Ҳуқуқий маслаҳатхона» каби қатор лойиҳалар бугун истеъмолчилардан келиб тушаётган мурожаатларни жойида ва ўз вақтида ҳал этишда дебоча вазифасини ўтаб келмоқда.

Яна бир гап,  пандемия шароитида бутун дунёда энг катта зарар кўрган соҳа туризмдир. Ўзбекистон соҳадаги жиддий йўқотишлар ўрнини  тўлдириш, сайёҳлар оқимини ошириш бўйича турли дастурларни амалга ошираётган, сайёҳлар соғлиғи ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича муҳим чора-тадбирларни белгилагани  халқаро иштирокчилар томонидан қайд этилди.

Форум ишида иштирок этган Халқаро истеъмолчилар жамияти конфедерацияси раиси Дмитрий Янин ялпи мажлисдаги маърузасида  сайёҳлар (халқаро истеъмолчилар) борадиган масканлар ва автомагистраль йўллар бўйида санитария-гигиена шаҳобчаларини кўпайтириш, ахборот марказлари жорий этиш ва сайёҳлар учун янги хизматлар ташкил этиш орқали валюта тушумини кўпайтириш масаласига тўхталиб ўтди. «Бу борада Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишлар ва  тажриба бошқа мамлакатлар учун намуна бўла олади. Ушбу омиллар  хорижий мамлакатлардан юртингизга келиш истагидаги сайёҳларнинг ошишига хизмат қилмоқда», деди Дмитрий Янин.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net